Навоий шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Бош прокуратура, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган умумтаълим мактаблари жамоалари иштирок этди.
Ҳар бир жамоадан 8 нафар иштирокчи қатнашган танлов 4 шарт асосида ўтказилди.


“Бу бизнинг ҳудуд” шартида иштирокчи жамоалар ўз ҳудудларининг экологик ҳолати, экомаданияти, ҳудуд экологиясини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берган бўлса, “Интеллектуал ринг” шартида эса 3 дақиқа ичида экологик, ижтимоий, сиёсий-ҳуқуқий йўналишлардаги 10 та саволга жавоб берди.

“Экология учун барчамиз масъулмиз!” ҳамда “Энг яхши экологик лойиҳа” мавзуларида ёшлар орасида ташкил этилган тадбирларда иштирокчилар атроф-муҳитни асраб-авайлашга қаратилган лойиҳаларини тақдим этишди. Улар лойиҳаларининг мазмун-моҳияти, соҳани ривожлантириш йўналишлари, ёш экологлар сонини кўпайтириш имкониятлари, экология йўналишидаги инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, экология салоҳиятини кенгайтириш бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини намойиш этди.


Якунда Кармана туманидаги 21-мактабнинг “Она замин” жамоаси 1-ўринни эгаллади. Улар 2026 йил 12-14 март кунлари Бухоро вилоятида бўлиб ўтадиган якуний босқичда иштирок этади.

Ғолиб ва совриндор жамоаларга вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири