Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?”
15:44 / 2026-02-17

Бухорода ёшлар орасида экологик билим ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида ташкил этилган “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган жамоалар иштирок этди ва экология соҳасидаги билимларини синовдан ўтказди.

–Ушбу танлов ёшларнинг экологияга оид ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий тарбияга салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида ташкил этилди, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фирдавс Ҳидоятов.

Танлов тўрт босқичда ташкил этилди. Мактаб босқичи  январь ойида ўтказилди. Туман ва шаҳар босқичи  февраль ойида бўлиб ўтди. Ҳудудий босқич  февраль ойи давомида амалга оширилди. Республика босқичи  март ойида республика миқёсида ўтказилади.

Танлов тўрт асосий шарт бўйича баҳоланди. “Бу бизнинг ҳудуд” шартида иштирокчи жамоалар ўз ҳудудларининг экологик ҳолати, экомаданияти ва ҳудуд экологиясини яхшилашга қаратилган ишлари билан таништирилди. Шунингдек, ёшларнинг табиатга муносабати, экологик фаоллик ва ижтимоий лойиҳалар ҳам очиб берилди. “Интеллектуал ринг” шартида жамоа аъзолари 3 дақиқа давомида экологик, ижтимоий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий йўналишлардаги 10 та саволга жавоб берди. Бу босқичда билим, тез фикрлаш ва жамоавий ҳамкорлик қобилияти синовдан ўтказилди. “Экология учун барчамиз масъулмиз!” шартида иштирокчилар республикамиз экологиясини асраш, ёшлар орасида экомаданиятни тарғиб этишга қаратилган саҳна кўринишлари намойиш этди. Бу жараёнда плоггинг акциялари, дарахт экиш ва парвариш қилиш, иқлим ўзгаришлари ва сув муаммолари каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. “Энг яхши экологик лойиҳа” шартида жамоалар экологик салоҳиятни ошириш, ёш экологлар сафини кенгайтириш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича инновацион таклиф ва лойиҳаларини тақдим этди. Бу босқичда ижодий ёндашув ва амалий самара кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Тадбирда вилоят прокуратураси, вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Экологик партияси вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини холисона баҳолаб борди.

Ҳакамлар ҳаётининг қарорига кўра. мактаблар ўртасида 1-ўрин  Бухоро шаҳар 35- умумтаълим мактаби, 2-ўрин  Ромитан тумани 34- умумтаълим мактаби, 3-ўрин  Ғиждувон тумани 24- умумтаълим мактаби жамоаларига берилди.  

Шу билан бирга, Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси тизимидаги таълим муассасалари ўртасида ҳам қизғин баҳс олиб борилди.

Натижаларга кўра, 1-ўринни Бухоро шаҳар Бухоро илғор маҳорат техникуми, 2-ўринни Ромитан тумани 1- техникуми, 3-ўринни Олот тумани техникуми ёшларидан иборат жамоалар қўлга киритди.  

Барча ғолиблар вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ушбу тадбир ёшлар орасида экологик онгни ошириш, табиатни муҳофаза қилиш ва экологик лойиҳаларни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Танловнинг катта аҳамияти шундаки, у ёшларнинг экологияга бўлган муносабатини кучайтириш, ижтимоий фаолликни рағбатлантириш ва амалда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Зариф Комилов,  

ЎзА мухбири