Юртимиз миқёсида ўтказилаётган шу номдаги республика кўрик-танловининг Самарқанд вилояти босқичида туман-шаҳар босқичларида ғолиб деб топилган жамоалар ўз билим ва кўникмаларини намойиш этишди.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, жамиятда ёшларнинг экологияга оид ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилмоқда.
Танлов низомига кўра, унда республикамизнинг барча умумтаълим мактабларининг юқори синф ҳамда касбий таълим муассасалари ўқувчилари қатнашмоқда.
Танловнинг умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган Самарқанд вилояти босқичида 14 жамоа тўрт шарт бўйича ўзларининг экологик билим ва кўникмаларини намойиш этишди.
– Танлов шартлари аввало ўз яшаш ҳудудимиздаги экологик вазиятга жиддий эътибор қаратишга, умуман олганда ўқувчи ёшлар онгида она табиатга меҳр уйғотишга ундайди, – дейди Каттақўрғон шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилноза Шарипова. – Танловга тайёргарлик кўриш баҳонасида мактабимиз, яшаш ҳудудимиз, яқин атрофдаги экологик вазиятни жамоамиз билан ўргандик. Биринчи навбатда, инсон ҳаёти учун тоза ҳаво зарур. Эътибор беринг, атрофингизда сизга тоза ҳаво — кислород ишлаб чиқариш учун дарахтлар етарлими? Она табиат деймизу, унга муносабатимизни ўзгартирмаймиз. Оқибатда адоғи кўринмас экологик муаммолар гирдобига ғарқ бўлиб бораяпмиз. Биз ўз чиқишимизда мавжуд муаммоларга муросасиз ёндашиш, шўрланишга қарши қандай усуллардан фойдаланиш зарурлиги борасидаги лойиҳаларимизни тақдим этдик.
Якуний натижаларга кўра, танлов ғолиблигини Самарқанд шаҳридаги 30-умумтаълим мактаби жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўринни Каттақўрғон шаҳрининг 8-умумтаълим мактаби жамоаси, учинчи ўринни эса Ургут туманидаги 36-умумтаълим мактаби жамоаси эгаллади.
[gallery-21992]
Умумтаълим мактаблари жамоалари ўртасидаги республика босқичи 10-12 март кунлари Самарқандда ўтказилиши белгиланган.
Айни пайтда танловнинг касбий таълим муассасалари жамоалари ўртасида Самарқанд вилояти босқичи бўлиб ўтмоқда. Мазкур йўналишнинг республика босқичи 17-19 март кунлари Хоразм вилоятида ташкил этилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари