Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сиз доимо ардоғимиздасиз!
17:06 / 2022-10-01

Нуроний отахон ва онахонларни ҳурмат қилиш ўзбекона қадриятлардан бири бўлиб, уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Шу кунларда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан фахрий ўқитувчи ва мураббийлар ҳолидан хабар олинмоқда. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими бошқаруви томонидан Навбаҳор тумани “Бешработ” маҳалласида истиқомат қилувчи 93 ёшли Абдусалом ҳожи Абдуллаев хонадонига борилди.

Абдусалом ота 1930 йилда Кармана тумани, Дўрман қишлоғида туғилган. Колхозлаштириш даврида - 1932-1933 йилларда отаси Абдулла махсум бобонинг она юрти - ҳозирги Навбаҳор тумани Бешработ қишлоғига кўчиб келишган. У қишлоқдаги мактабда 7-синфгача ўқийди. 1949 йилда Қизилтепа тумани Бўстон қишлоғида ўрта мактабни тамомлаб, Бухоро педагогика институтининг она тили ва адабиёти фани йўналиши бўйича ўқишга киради. 1953 йилда ўқишни тамомлаган Абдусалом Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманига ишга кетади. 1955-58 йилларда Эстония Республикасида йигитлик бурчини ўтайди. 1958 йилда эса ўзининг жонажон қишлоғи - Бешработга қайтиб келиб, 1994 йилгача Абдулла Қаҳҳор номли мактабда ўқитуви, илмий мудир вазифаларида иш олиб боради.

Бугунги кунда Абдусалом ота 7 фарзанд, 30 га яқин набира ва эваралар ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Учрашувда отахон йиғилганларга умр йўли, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиш, тинчлик деган улуғ неъматнинг қадрига етиш, эл-юрт корига яраш, ўқитувчилик – улуғ ва масъулиятли, шарафли касб эканлиги ҳақида гапириб берди.

– Бугунги кунда ўқитувчи ва мураббийларга яратилаётган кенг имкониятлар, енгилликлар, шарт-шароитлар ҳеч қачон бўлмаган. Айниқса, Президентимизнинг ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табриги биз, фахрий ўқитувчиларга ҳам ажойиб байрам совғаси бўлди. Мен 50 йил давомида мактабда ўқитувчи бўлиб ишладим, бу касбимдан фахрланаман. Шогирдларим ҳар йили байрамда келиб мендан хабар олиб кетишади, бундан мен жуда ҳам хурсанд бўламан, – дейди фахрий ўқитувчи Абдусалом ота.

Абдусалом отага “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимининг байрам совғалари топширилди.

 

А.Бўриев, ЎзА