Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сиёсий жараёнларда очиқлик ва ошкоралик тамойилига амал қилиш муҳимдир
15:32 / 2023-06-16

Ҳозирги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти ва мақсадини очиқликсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сайлов жараёнларида ҳам шу тамойили муҳим аҳамият касб этади.

Очиқлик ва ошкоралик масалалари Сайлов кодексида, Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланган бир нечта низомларда бевосита ўзининг ифодасини топган.

Хусусан, сайловларда очиқлик ва ошкоралик тамойили ЕХҲТнинг 1990 йилдаги Копенгаген ҳужжати, Парламентлараро Иттифоқнинг 1994 йилдаги "Эркин ва адолатли сайлов мезонлари тўғрисида"ги декларацияси, 2005 йил 27 октябрдаги БМТнинг "Сайловларни халқаро кузатиш принциплари тўғрисида"ги декларация каби бир қанча халқаро сайлов стандартларида ўз ифодасини топган.

Эътибор қаратадиган бўлсак, Сайлов кодексининг 8-моддасида сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора тарзда амалга оширади, дейилган.

Сайлов комиссиялари, аввало, фуқароларни ўз иш фаолияти тўғрисида хабардор қилади. Шунингдек, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги ҳамда сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақти ҳақида маълумот беради. Сайловга тайёргарлик жараёнлари тегишли тартибда давом этади. Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради.

Таъкидлаш лозимки, бу бўйича 2019 йил 5 октябрда Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган "Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги низом қабул қилинган.

Маълумки, Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссияларининг мажлислари очиқ тарзда ўтказилади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Дарҳақиқат, “Сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади” (Сайлов кодекси 33-модда).

Сайлов кодексида белгиланган қоидалардан келиб чиққан ҳолда Президентлик сайловларида оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида ҳозир бўлиш, шу жумладан, овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

Қайд этиш лозимки, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколати Марказий сайлов комиссияси томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларда жараённинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда сайлов жараёни иштирокчиларининг ўрни ва ролини янада кучайтириб бориш муҳим масалалардан биридир.

 

Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори,  эксперт гуруҳи аъзоси