Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сиёсий шарҳловчилар ва таҳлилчиларни тайёрлаш институтини шакллантириш масалалари хусусида
18:30 / 2022-10-14

Бугун Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг ажралмас бир қисмига, жаҳон сиёсатининг том маънодаги фаол иштирокчисига айланди. Қолаверса, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ривожи, ер юзининг турли нуқталарида кечаётган жараён, воқеа-ҳодисалар, улар хусусидаги ахборот ва маълумотлар барчанинг эътиборини тортаётгани бор ҳақиқат. Бироқ, афсуски, ядро полигонларидан кўра, мафкура полигонлари кенгайиб, ҳудуди, қамрови ва ғоявий ҳужумлари кучи жиҳатидан тобора хатарли тус олаётган пайтда оммани тўғри ва холис ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳар бир жамият, мамлакат олдидаги долзарб масалага айланган.

Шу маънода ўзбек аудиториясига дунёнинг қайси бир бурчаги, мамлакатида бўлмасин, воқеликларни тўғри ҳамда холисона талқин этиш ва етказиш шу куннинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Яна бир муҳим жиҳат – Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидир. Бу борадаги фаол сиёсий ва иқтисодий жараёнлар, уларга нисбатан Ўзбекистоннинг тутган позицияси ҳақида кенг оммани хабардор этиш ҳамда давлатнинг жаҳон сиёсий саҳнасида обрў ва мавқеи ошиб, ўз овози ва ўрни янада мустаҳкамланиб бораётгани билан боғлиқ позитив ҳолатларни кенг омма онгу шуурига сингдириб бориш ҳар жиҳатдан зарур ва шарт.

Таҳлилчиларнинг фикрича, ОАВ фақат ахборот тарқатувчи восита бўлмай, у ёки бу давлатлар, маълум гуруҳлар, ўз манфаатларини турли йўллар билан ҳимоя қиладиган, ўз қарашлари, турмуш тарзини ўзгаларга сингдиришга уринаётган доиралар қўлидаги ишончли мафкура қуролига аллақачон айланиб улгурган.

Ахборот истеъмолчиси эса ҳамиша ўзини қизиқтирадиган хабарларнигина қабул қилади. Уни излаш, топиш ва фойдаланиш учун истаганча вақт топади, ахборотдан биринчилардан бўлиб хабардор бўлишга интилади. Бу, ўз навбатида, журналист узатаётган ахборотнинг аниқ ва тўлақонли бўлиши кераклигини тақозо этади. Зотан, сиёсий шарҳловчи ўз мамлакати ва хориждаги барча сиёсий ва жамоат арбобларини, сиёсий кучлар мувозанатини яхши билиши шарт.

Шу маънода глобаллашув ҳамда замонавий тараққиёт журналистик таълимда икки асосий жабҳани: универсаллик ва унинг акси бўлган ихтисослашувга интилиш тенденциясини юзага келтириши айни ҳақиқат.

Маълумки, журналистикада ихтисослашув энг мураккаб ва долзарб масалалар сирасига киради. Сабаби, ихтисослашувни кескин чегаралаш ва фарқлаш қийин масала. Чунки илмий адабиётларда журналистиканинг ўзига турлича таъриф берилади. Хусусан, журналистика ўз таркибида муҳаррирлик, ноширлик, публицистлик, ёзувчилик, ташкилотчилик, таҳририят котиблиги, баъзида эса ҳарф терувчилик каби касбларни мужассам этган мураккаб институтдир.

Британиялик медиа-социолог Жереми Тунсталл журналистикани «касблар чорраҳасидаги касб» деб таърифлайди ва у «журналист» сўзини «турли хил фаолият йўналишлари билан шуғулланувчи кишилар» деб изоҳлайди.

Дарҳақиқат, журналистик кўп қиррали ва кўп функцияли касб, журналист бир пайтнинг ўзида ҳам сиёсатшунос, ҳам психолог, ҳам тарихчи, ҳам шифокор, ҳам фермердир. Шу маънода «Одамлар ўз муаммолари, ташвишларини ўртоқлашадиган касб эгаси ҳам айнан журналистлардир».

Шу боис дунёда кечаётган ҳар қандай ахборотга ўз вақтида муносабат билдириш, уларнинг тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида маълумотлар бериб бориш миллий оммавий ахборот воситалари, хусусан, халқаро шарҳловчилар олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Айни вақтда таъкидлаш керакки, журналист сиёсий масалаларда баҳсга киришса-да, у сиёсатчи сифатида тан олинмайди. Сабаби, сиёсий шарҳловчиларнинг тарихчилар ва сиёсатчилардан фарқлаб турувчи ҳолатлар ва нозик чегара мавжуд. Улар ўртасидаги тафовутни хорижлик таниқли олим Жарко Петан қуйидаги фикри орқали изоҳлайди: «ёруғ келажак ҳақида сиёсатчилар, шонли ўтмиш хусусида тарихчилар, бугуннинг ёрқинлиги тўғрисида эса журналистлар қайғурадилар”. Бу ҳам журналистика бугунги кун нафаси билан яшашини назарда тутади.

Бироқ парадокс шуки, журналистика янгиланишлар марказида турадиган соҳа эканини инобатга олсак, сиёсий янгиликларни ёритадиган, сиёсий шарҳлар ёзадиган журналистларнинг сиёсий билимлари ҳам сиёсатчиларникидан кам бўлмаслигини тақозо этади. Сабаби, бўлаётган воқеа-ҳодисаларни тушунтириб, бериш, унинг асл сабаблари, тарихи ва яширин моҳиятини талқин этиш чинакам заҳмат ва фидойиликни ҳамда сиёсий қарашларни ва қонуниятларни мукаммал ўрганишни ва истеъфода этишни талаб қилади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда журналистлар ва сиёсатчилар етиштириб берадиган олий таълим муассасалари кўп бўлса-да, икки касбнинг омихтаси бўлган сиёсий шарҳловчиларни тайёрлаш масаласи энг оғриқли ҳолатлардан биридир. Сабаби, сония сайин ўзгараётган дунёнинг сиёсий тенденцияларни тушунтириб бериш, таҳлил қилиб бериш нафақат оддий фуқаролар, балки журналистлар ва сиёсатчиларнинг ўзлари учун ҳам энг керакли, долзарб масаладир.

Журналистика адабиётларида шарҳга ўқув дарсликларида – таҳлилий публицистиканинг доимий ва анъанавий жанри деб таъриф берилган. Унинг бош мақсади – ижтимоий-сиёсий воқеаларни ёритиш, айрим ҳолларда кишиларни яширин бўлган бўлган воқеа-ҳодисаларнинг ўзаро боғлиқлигини очиб бериш, уларнинг воқеа ривожига таъсирини тушунтиришдан иборат.

Шарҳнинг луғавий маъносига келсак, у арабча сўз бўлиб, изоҳлаш, тушунтириш деган маъноларни англатади. Шарҳ ОАВда ижтимоий сиёсий, маданий-маърифий воқеа-ҳодисаларнинг, ҳужжат ва бошқа шу каби муҳим нарсаларнинг моҳияти ҳамда аҳамиятини оммага тушунтириб бериш, баён қилиб бериш кўзда тутилган материал туридир. «Шарҳда фактларни таҳлил қилиш, таққослаш, фикрни далиллашнинг турли воситаларини қўллаш, умумлаштириш, хулоса ясаш каби усулларидан кенг фойдаланиш мумкин”. Бир сўз билан айтганда, шарҳда муносабат билдирилади ва муносабат шакллантирилади.

Айни вақтда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ва бошқа олий таълим муассасаларида журналист кадрлар тайёрланаётган бўлса-да, йўналишлар бўйича парламент журналистикаси, спорт журналистикаси, ҳарбий журналистика соҳасида билим ва кўникмалар бериш билан чекланиб, сиёсий шарҳловчилар тайёрлаш масаласи эътибор марказидан бироз четлашгандек таассурот уйғотади.

Буни ОАВда сиёсий шарҳ ва таҳлиллар жуда кам кўзга ташланаётганидан ҳам билиш мумкин. Хусусан, ОАВни кузатадиган бўлсак, бугун ривожланган мамлакатлардаги воқеалар, дунёнинг «оловли нуқталари», Афғонистон, Россия- Украина конфликти, Марказий Осиё давлатларидаги чегара муаммолари ва уларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида етук сиёсий шарҳлар ва таҳлиллар ҳамда уларни ёзишга бўлган журъат ва ташаббускорлик деярли кўзга ташланмайди.

Ўрни келганда, халқаро журналистика билан сиёсий шарҳловчилик ўртасида катта фарқ борлигини эслатиб ўтиш лозим. Сиёсий шарҳловчилик институти ўтган асрнинг 50 йилларида АҚШда, кейинроқ эса Европа ва бошқа давлатлардада пайдо бўлган.

Масалан, собиқ иттифоқнинг машҳур сиёсий шарҳловчилари кўплаб материалларни бевосита Кремлдан олиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Жумладан, Александр Бовин, Генрих Боровик, Юрий Жуков, Владимир Дунаев, Валентин Зорин, Томас Колесниченко, Эдуард Мнатсаканов, Анатолий Овсянников, Всеволод Овчинников, Владимир Светов, Игор Фесуненко, Юрий Выборновлар. Ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчилари орасида эса Насриддин Муҳаммадиев, Шавкат Яҳёев, Турсун Қоратоев, Лола Ҳотамова, Муқимжон Қирғизбоев, Иброҳим Норматов, Қобилбек Каримбеков, Аҳмаджон Мелибоевлар халқимизнинг ҳурматига созовар бўлган эди.

Бугунги кунда дунё мамлакатларида сиёсий шарҳловчилар етишмаслиги сабабли уларнинг ўрнини экспертлар, таҳлилчилар эгаллаётгандек кўринмоқда. Хусусан, Россия телеканалларида ҳам сиёсий шарҳловчиларга эмас, балки сиёсатчи, тарихчи олимлар, таҳлилчи ва экспертларга катта ўрин берилмоқда.

Мутахассис журналистлар таъкидлаганидек, «Халқаро панорама» кўрсатуви бажарган вазифалар эндиликда «Однако» (ОРТ), «Реплика» («Россия») кўрсатувларига юклатилиб, бу кўрсатувлар орқали халқаро майдонда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдирилмоқда. «НТВшники» (НТВ), «Акценты», «Слово за слово» («Мир»), Алексей Пушковнинг «Постскриптум»и каби ток-шоулар ҳам том маънода сиёсий шарҳловчилар бажариши керак бўлган вазифаларни бажармоқда.

Ўзбекистонда сиёсий шарҳловчилик институтининг оёққа туришида радио ва телевидениенинг хизмати катта бўлган. Бу борада мактаб яратилган, десак, адашмаган бўламиз.

Ўтган асрнинг 60-70-йилларидан бошлаб Ўзбекистонда халқ­аро шарҳловчилар мактаби шаклланган эди. Телевидение, радиоканаллар ҳамда матбуотда кунора халқаро воқеа-ҳодисаларга муносабатлар берилиб борилар эди. Телерадиоканалларда «Бугун оламда нима гап?», «Шарҳловчи минбари», «Дунё» каби кўрсатув ва эшиттиришлар олиб бориларди. Айни пайтга келиб эса бу жараён анча оқсамоқда.

Шу боис ОАВда сиёсий шарҳ ва таҳлилларни кўпайтириш масаласига эътибор қаратиш ва мунтазам равишда сиёсий ток-шоулар ташкил қилиниши фуқароларнинг сиёсий онги шаклланишига, хориж ОАВнинг манипуляцияси таъсирига тушиб қолмаслигига замин яратиши шубҳасиз. Шу билан бирга, сиёсий шарҳловчиларни давлат миқёсида рағбатлантириб бориш ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, мазкур йўналишларда мутахассис кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш, шарҳловчиларнинг хорижда малака оширишини йўлга қўйиш, тегишли ўқув-адабиётлари ишлаб чиқиш энг муҳим масалалар сифатида эътироф этилиши зарур.

Хулоса шуки, қадимда афиналик файласуф Перикл «Агар сиз сиёсатга қизиқмасангиз, бу сиёсат сиз билан қизиқмаётганини англатмайди», деган фикрни таъкидлаган эди.

Унинг бу фикрини олмониялик сиёсатчи Отто фон Бисмарк «агар сиз сиёсат билан шуғулланмасангиз, сиёсат сиз билан шуғулланади», дея талқин қилган.

Француз ёзувчиси Монталабер эса «Сиз сиёсат билан шуғулланмаслигингиз мумкин, аммо барибир сиёсат сиз билан шуғулланади», деган эди.

Шу маънода сиёсат ва сиёсий воқеалар ҳар бир фуқаронинг ҳаётига, турмуш тарзига бевосита алоқадор экан, сиёсий шарҳлар ва таҳлилларга эҳтиёж ортиб бораверади.

И.Абдиев, тадқиқотчи