Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сиёсий партияларга Президентлик сайловида иштирок этишга ижозат берилди
16:54 / 2023-05-15

Бугун Марказий сайлов комиссиясининг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этди.

Мажлисда сиёсий партияларнинг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига ижозат бериш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.    

– Қонунчилигимизга кўра, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат беришни сўраб ҳужжатлар тақдим қилинди, — деди Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б.Қўчқоров. — Сайлов кодексига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳужжатлар кўриб чиқилиб, мазкур партияларга 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши учун ижозат берилди.  

Мажлисда сиёсий партияларга ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши учун ижозат бериш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.  

Шунингдек, мажлис доирасида сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига сайловда иштирок этишга ижозат берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда белгиланган намунадаги имзо варақалари бланкаларини топшириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.  

[gallery-11891]

— Миллий қонунчилигимизга кўра, сайловда иштирок этишига ижозат берилган сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг умумий сони камида бир фоизининг имзосини тўплаши керак, — деди МСК котибияти мудири Х.Маматов. — Битта маъмурий-ҳудудий тузилмада сиёсий партия тегишинча имзолар умумий сонининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин. Сиёсий партиялар ўзининг ваколатли вакилига МСК томонидан рўйхатга олинганлик тўғрисида гувоҳнома берилганидан кейингина номзодни қўллаб-қувватлаш юзасидан сайловчиларнинг имзосини тўплашга ҳақли. Бу санага қадар тўпланган имзолар эса ҳисобга олинмайди. Шунингдек, имзо тўплашда фуқароларни мажбурий тарзда бунга жалб қилиш мумкин эмас. Сайловчилар битта ёки бир нечта номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли. Имзо варақалари жорий йилнинг 3 июнигача топширилиши лозим.    

Мажлисда сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига сайловда иштирок этишга ижозат берилгани тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда белгиланган намунадаги имзо варақалари бланкаларини топшириш бўйича қарор қабул қилинди.    

Муҳтарама Комилова,  

Носир Ҳайдаров,(сурат) ЎзА