French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сиёсий ҳуқуқлар дахлсизлигининг конституциявий кафолатлари
21:01 / 2021-08-19

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини-ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасидан).

Маълумки, Истиқлолнинг дастлабки кунларидан буён мамлакатимиз ҳаётида туб ўзгариш ва ислоҳотлар даври бошланди. Ўзбекистон миллий демократик ривожланишда янги йўлга – адолатли ва эркин фуқаролик жамияти сари қадам қўйди. Инсон ва жамият фаровонлиги кўзланган, ижтимоий адолат ва қонунийлик принципларига асосланган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.

Мустақил тараққиётимизнинг ўтаётган ўттиз йили давомида мамлакат қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини таъминлаш, жамиятни либераллаштириш, давлат қурилишини демократлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар негизида жамиятда сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш масалаларига алоҳида ўрин ажратилганлиги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш фуқароларнинг сиёсий фаоллигини сезиларли даражада ошириш, мамлакат ҳаётида сиёсий партияларнинг ўрни ва ролини кучайтириш учун хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек, ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас”, деб белгиланган. Бу, албатта, Ўзбекистон фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқини сиёсий партиялар орқали амалга ошириш имкониятини кафолатлайди.

Бу нормалар ўз навбатида жамиятимизда кўппартиявийлик тизимини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларда, Сайлов кодекси ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида сиёсий партиялар фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланганлиги уларнинг жамият ривожидаги иштирокида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу нормалар ўзбек давлатчилигининг тарихий анъаналарига, замонавий давлатчилик ва парламентаризм борасида тўпланган тажрибаларга, ривожланган давлатлар амалиётига тўлиқ мос келади.

Бу йил илк бор Сайлов кодекси асосида ўтказилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори ости кириб келинмоқда. Бу албатта, очиқлик, ошкоралик, тенглик ва овоз беришда яширинлик тамойилларини янада демократлашувидан даололат беради. Айни кунларда сиёсий партиялар жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этиш тараддудида. 14 август куни Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан расмий фаолият юритаётган бешта партияга сайловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

Бу билан сайловга кириб бориш жараёни яна бир қадам олдинга силжиди. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 63-моддаси талабларига мувофиқ сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сайловга камида етмиш кун қолганига қадар Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг маълумотномаси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотларни топшириши керак эди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан бу ҳужжатлар белгиланган муддатларда топширилди. Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисидаги масалани ўз йиғилишида кўриб чиқди ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясига сайловда қатнашиш учун рухсат берилди.
 

Эндиги вазифамиз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда номзод кўрсатиш. Биз имзо варақалар бланкасини олдик ва дарҳол умумий сайловчиларнинг бир фоизидан кам бўлмаган миқдорда номзодни қўллаб-қувватловчилар имзоларини тўплашга киришдик. 6 сентябрь кунига партиянинг олий органи – Қурултойи чақирилди. Шу мақсадда жойларда партия ташкилотларининг пленумлари, конференциялари ўтказилмоқда.

Бу жараёнларни муваффақиятли амалга оширганимиздан сўнг, Марказий сайлов комиссиясига Сиёсий партия раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни сўраб Марказий сайлов комиссиясига ёзган аризаси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатилганлиги тўғрисида Қурултой баённомаси, Қурултойнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзодини овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси ҳамда тўлдирилган имзо варақалари тақдим этилади.

Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларни қонуний деб топган ҳолатда, кўрсатган номзодимиз рўйхатга олинади ва бу ҳақда ОАВ эълон қилинади. Ўша кундан эътиборан сайловга бир кун қолгунга қадар тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширамиз.

Бундай тадбирларнинг амалга оширилишида фуқаролар ўз хоҳишларини эркин билдиришлари лозим. Уларни мажбурлаш, уларга босим ўтказиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Зеро, сайловларда қонунларга итоаткорлик фуқароларимиз сиёсий ҳуқуқлари дахлсизлигининг конституциявий кафолатидир.

Абдукамол РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

сиёсий кенгаши раиси ўринбосари.

ЎзА