Нукусда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика кенгаши томонидан ташкил этилган “Сиёсатчи аёл” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди. Танловда шаҳар ва туман босқичлари ғолиблари ўзаро баҳслашди.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад хотин-қизларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси”да белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда партия сафидаги хотин-қизлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юксак сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизларни аниқлаш, истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқаришдир.
Танлов иштирокчилари учта шарт бўйича ўз билимларини синовдан ўтказди. “Хотин-қизлар муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йўли” деб номланган биринчи шартда иштирокчилар нотиқлик санъати орқали ўзларининг ҳудудларидаги хотин-қизларга оид муаммолар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, бунда семинар тренинглар ўтказиш, аҳолининг кенг қатламлари ва оилалардан хабар олиш, ижтимоий шериклик ва тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича эришилган амалий натижаларни кўрсатиб берди.
“Сиёсий ҳозиржавоблик” деб номланган иккинчи шартда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида” қонунлар, Сайлов кодекси, Оила кодекси, Меҳнат кодекси бўйича тузилган саволларга жавоб бериш орқали ўз иқтидорларини намойиш этди.
Кўрик-танловнинг “Эркин мавзу” деб номланган учинчи шартида иштирокчилар қўшиқ, шеър, монолог, турли қизиқарли чиқишлар орқали ўзларининг истеъдодларини кўрсатишди.
[gallery-17641]
Юқори савияда ўтказилган кўрик-танлов якунига кўра, биринчи ўринни Қораўзак тумани 33-сонли мактаб ўқитувчиси Гулбану Кошанова, иккинчи ўринни Нукус шаҳри 1-сонли Абу Али Ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми ўқитувчиси Жайхун Палимбетова, учинчи ўринни Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Aмударё туман ихтисослаштирилган мактаби ўқитувчиси Чаросхон Норимбетова эгаллади.
Ғолиблар партиянинг Қорақалпоғистон Республика кенгаши томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари