Сиёсий партияларда асосли ва халқчил таклифлар бўлиши керак
Урганч шаҳрида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Хоразм вилоят кенгаши томонидан партия дастури ҳамда 2020-2025 йилларга мўлжалланган сайловолди платформаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.
Урганч шаҳрида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Хоразм вилоят кенгаши томонидан партия дастури ҳамда 2020-2025 йилларга мўлжалланган сайловолди платформаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда партия вилоят кенгаши аъзолари, шаҳар ва туман партия ташкилотлари ходимлари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, Хоразм Маъмун академияси олимлари, вилоятдаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар қатнашди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммеджонова ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази қошидаги “Маърифат тарғиботчилари” жамияти раиси Бахтиёр Хусанов, Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулсара Қурбанбаева сўзга чиқиб, партия дастури, сайловолди платформаси хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, олимлар, профессор-ўқитувчилар томонидан қатор таклифлар ҳам билдирилиб, партиянинг умумсиёсий, маънавий-маърифий, суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий, ахборот ва ташқи сиёсат соҳасида белгилаб олган муҳим вазифалари, уларни янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклифлар ҳам билдирилди.
– Биз истаймизми йўқми орол денгизи фожиаси аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда, – дейди партия фаоли, тиббиёт фанлари доктори, профессор Равшан Абдуллаев. – Шу сабабдан давлатимиз олдида экологик вазиятни барқарорлаштиришдан ташқари аҳоли саломатлигини сақлаш билан боғлиқ муҳим вазифалар турибди. Шу юзадан мен бугунги йиғилишда партиямиз мамлакатимизда халқ табобатини йўлга қўйиш, бу бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш, Оролбўйи ҳудудларда яшовчи аҳолига дотация бериш масалалари билан боғлиқ таклифларни билдирдим.
Шунингдек, очиқ мулоқот давомида партиянинг миллий анъаналаримиз, қадриятларимиз ифодаси, ҳунармандликнинг кенг тарқалган тури – гиламдўзлик анъаналарини сақлаб қолиш, ривожлантириш ҳамда Гиламдўзлар ассоциациясини ташкил этиш зарурлиги, қонунчилик тизимини, ахборот соҳасини янада такомиллаштириш, депутатлик мақоми тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш, атамашунослик комиссиялари фаолиятини ташкил этиш, давлат тасарруфидаги матбуот нашрларини иқтисодий қўллаб-қувватлаш лозимлиги каби долзарб ва муҳим масалаларда таклифлар билдирилди.
Очиқ мулоқотда ўртага ташланган саволлар, билдирилган таклифлар асосида партия сайловолди платформасини янада мукаммал ҳолга келтириш, бу каби дебатларни мунтазам ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир сўнггида партия сафига қўшилган янги аъзоларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.