Сиёсий фаоллик сайловда билинади
Мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлган сайловда хотин-қизларнинг иштироки қандай бўлади?
Мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлган сайловда хотин-қизларнинг иштироки қандай бўлади? Партияларда аёллар фаоллигини оширишга қандай эътибор қаратилмоқда?
Жиззахда Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот маркази вилоят бўлимида Ўзбекистон Республикасидаги сиёсий партияларга Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг мурожаати муносабати билан сиёсий партиялар вилоят кенгашлари раислари ва партиялар “Аёллар қаноти” етакчилари, фаол хотин-қизлар иштирокида ўтказилган йиғилиш шу мавзуга бағишланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасидаги сиёсий партияларга Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Йиғилишда аёлларнинг жамиятдаги ўрни, юртимизда эришилаётган ютуқлардаги ҳиссаси қайд этилиб, сайловларда нафақат иштирокчи балки депутатликка сайланиши мамлакатимиз равнақига катта наф келтирилиши алоҳида таъкидланди.
– Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг мурожаатида бугунги кундаги энг долзарб масалага нафақат сиёсий партияларнинг, барчамизнинг эътиборимиз қаратилди, – дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Назира Мухторова. – Мурожаатда “Аёл сайланса ҳам, она Ватанининг юксалиши учун, фарзандларининг бахту саодати учун сайланганини, овоз берса ҳам, униб-ўсиб келаётган гўдакларининг оёққа туриб, эл корига яраши учун, юртида ҳаёт бундан-да яхши бўлиши учун овоз бераётганини чин дилдан англовчи хилқатдир!”дейилганидек, хотин-қизларнинг ушбу сиёсий жараёнда фаол иштироки жамиятимиз учун муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун сайловда аёлларнинг фаол иштирокини таъминлаш учун хотин-қизлар қўмиталари, бошланғич ташкилотларимиз томонидан изчил, амалий иш олиб борилаётир.
Йиғилишда хотин-қизларнинг сайловда фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг номзодларини қўллаб-қувватлаш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди, савол-жавоблар бўлиб ўтди.