Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сиёсат майдонида ҳам фаол
12:56 / 2020-03-04

Аёл — оиламиз кўрки, қувончи, файзу фариштаси, хонадонларимиз чароғбони, умуман айтганда, жамиятнинг фаол аъзоси сифатида ҳамиша эъзозда ва эътиборда. Оилада ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлашда уларнинг ҳиссаси беқиёс.


Аёл — оиламиз кўрки, қувончи, файзу фариштаси, хонадонларимиз чароғбони, умуман айтганда, жамиятнинг фаол аъзоси сифатида ҳамиша эъзозда ва эътиборда. Оилада ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлашда уларнинг ҳиссаси беқиёс.

Мамлакатимизда опа-сингилларимизнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оиладаги нуфузини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг манфаатлари қонунларда акс этаётгани, шунингдек, бу борадаги ҳуқуқий асоснинг такомиллаштирилиб борилаётгани эътиборга молик.

Эътироф этиш керак, сўнгги уч йилда юртимизда гендер тенгликни таъминлаш ва жамиятнинг сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ролини оширишга қаратилган давлат сиёсати изчил рўёбга чиқарилмоқда. Олиб борилаётган амалий ишлар натижасида сайлов жараёнида аёлларнинг иштироки бўйича сезиларли ютуқларга эришилганини кўриш мумкин.
Хусусан, ўтган йили рўйхатга олинган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг 42,1 фоизини аёллар ташкил этиб, сайловлар натижаларига кўра, 48 нафар аёл депутат этиб сайланди (32 фоиз). Бу кўрсаткич 2014 йилдагига нисбатан икки баравар кўпдир. Шу рақамнинг ўзиёқ мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва имконият катта эканини кўрсатади. Бинобарин, Сайлов кодексига мувофиқ, аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши кераклиги белгиланган.

Парламентда, умуман, сиёсат майдонида аёллар иштироки кенгаяётганининг муҳим жиҳатлари бор. Аввало, бу халқчил қонунларнинг яратилишига, ҳуқуқий ҳужжатларда хотин-қизлар ва оилалар масалалари устуворлиги таъминланишига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам аёллар масаласига оид вазифалар алоҳида белгилангани диққатга сазовор. Чунончи, унга мувофиқ, касбга ўқиш истагини билдирган ёлғиз ва кўп болали аёллар учун кундалик ҳаётда эҳтиёж юқори бўлган соҳалар, хусусан, тикувчилик, пазандалик, сартарошлик ва бошқа йўналишлар бўйича касбга ўргатиш курсларини ташкил этиш чоралари кўрилади. Албатта, бу оилалар фаровонлигини таъминлаш, опа-сингилларимиз имкониятларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ўз навбатида, биз, депутатлар жойлардаги учрашувларимизда хотин-қизлар масаласига янада жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Уларнинг ҳаёти, оиласи билан танишишимиз, қийнаётган муаммоларини ўрганишимиз керак. Шундагина аёл бахтли бўлса, оила мустаҳкам бўлади, деган эзгу мақсадга эришамиз.