Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Сирли мижоз” тадбирида ходим синовдан ўта олмади
14:53 / 2023-04-14

Адлия вазирлиги томонидан “сирли мижоз” тадбири мунтазам ўтказилмоқда. Бу тадбирда “сирли мижоз” аҳолига қандай хизмат кўрсатилаётгани, коррупция ҳолатлари бор ёки йўқлигини аниқлаш юклатилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати “давлат хизматларининг сирли мижози” мониторинги асосида ўрганилди.  

– “Сирли мижоз” мониторинги давомида жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида муддат бузиш, асоссиз рад этиш, ортиқча ҳужжат талаб қилиш ва бошқа қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётгани аниқланди, – деди Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева. – Мисол учун, “Сирли мижоз” қўмитанинг Андижон вилояти Булоқбоши тумани бўлими ходими B. T.га мурожаат қилган. У ўзига тегишли кўчмас мулки бўйича қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш тўғрисидаги тизим орқали юборилган мурожаати бўйича ижобий хулоса олишда ёрдам беришни сўраган. B.T. мурожаат электрон тизимдан келиб тушганидан сўнг мурожаатчининг автомашинасида бориб объектни кўриб келиши ва давлат хизмати кўрсатилганлиги учун 150 минг сўм миқдорида тўлов тўланиши лозимлигини маълум қилган.  

Ваҳоланки, ходим объектни ўзи бориб кўриши, бунинг учун пул олмаслиги керак эди. Бундай қонун бузилиши ҳолатлари қўмитанинг таркибий бўлинмалари фаолиятида тизимли равишда кузатилган.  

Бу каби салбий ҳолатлар, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига сифатсиз хизмат кўрсатилишига, соҳада коррупция ҳолатлари ортишига олиб келган.  

Ваколатли ташкилотлар томонидан фуқароларнинг аризалари асоссиз равишда рад қилиниши натижасида фуқаролар давлат хизматлари марказларига такроран мурожаат қилишларига ва бунинг натижасида қўшимча ресурслар сарфланишига олиб келган.  

Энг ачинарлиси, бу каби ҳолатлар давлат хизматлари марказлари ходимларининг бошқа хизматларни белгиланган тартибда ҳал этишга вақти чекланишига, марказларда навбатларнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг бу соҳадаги халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнига салбий таъсир этувчи омиллардан бири ҳисобланади.  

Мазкур қонунбузилиши ҳолатларини бартараф қилиш мақсадида Адлия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритди.  

Адлия вазирлиги бундай фаолиятни янада кучайтириш ва бу йўналишда бошқа назорат тадбирларини ўтказган ҳолда қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик масаласини қўллаш чораларини кўришни давом эттиради.  

Н.Абдураимова, ЎзА