ФОТОРЕПОРТАЖ
Ёзги таътил – болалар олами учун бебаҳо туҳфа. Бу – қувончга тўла, сермазмун ва унутилмас онлар фасли. Айниқса, оромгоҳларда ҳордиқ чиқариб, янги дўстлар орттириш, қизиқарли тадбирларда қатнашиш ва ўз истеъдодини кашф этиш имконияти ҳар бир боланинг орзуси. Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги “Сирли коинот” болалар соғломлаштириш оромгоҳи орзулар ушаладиган ана шундай ажойиб масканлардан.
Жорий мавсумда бу даргоҳ 2180 нафар болажон учун қучоқ очди. Бу ерда ўғил-қизлар нафақат ҳордиқ чиқармоқда, балки билим ва маҳорат оширмоқда, тарбиявий сабоқ олиб, янги дўстлар орттирмоқда.
Оромгоҳ ҳаёти махсус ишлаб чиқилган 12 кунлик дастур асосида ташкил этилган бўлиб, ҳар бир кун алоҳида мавзуга бағишланган. Шу мавзуга мос равишда тадбирлар, суҳбатлар, танловлар, ўйинлар ва машғулотлар ўтказилади. Ҳар бир кун болалар учун янги таассуротлар ва фойдали билимларга бой бўлмоқда.
[gallery-24536]
Шунингдек, “Миллатлар дўстлиги” куни, “Спорт ва соғлом турмуш тарзи” куни каби мавзуларда турли тадбирлар ташкил этиш анъанага айланган. Ҳар бир тадбирда болажонлар фаол иштирок этиб, ўз фикрларини эркин билдириш, истеъдодини намоён этиш ва саҳнада чиқиш қилиш имкониятига эга.
Оромгоҳда “Медиа клуби”, “Моҳир қўллар”, “Кубик-рубик”, “Қум билан ишлаш”, “Караоке”, “ЛEГО”, “Инглиз тили” каби клублар болаларнинг қизиқишларига мос равишда ташкил этилган. Бу клубларда болалар ўзлари қизиққан соҳалар бўйича ижод қилиш, фикрлаш ва янгиликларни ўрганиш имконига эга бўлмоқда. Шунингдек, бу ерда спортга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар куни эрталабки бадантарбия машғулотлари, гуруҳлар ўртасида футбол, волейбол, стол тенниси, бадминтон, шахмат ва шашка бўйича қизғин беллашувлар ўтказилмоқда. “Қувноқ стартлар” ўйинларида эса болажонларнинг ғайрат ва шижоати намоён бўлмоқда.
Дастурдаги энг қизиқарли ва унутилмас кунлардан бири бу – “Туризм ва ўлкашунослик куни”дир. Ушбу кунда болалар оромгоҳ ҳудудига яқин жойдаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва қадимий ёдгорликларга ташриф буюради. Саёҳат давомида болажонлар тарихий масканлар билан яқиндан танишиб, ўз юртининг бой ўтмиши ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлади. Бундай экскурсиялар орқали болаларда Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва тарихга қизиқиш ортади. Саёҳатлар якунида болажонлар ўртасида викториналар, савол-жавоблар ўтказилиб, энг фаол иштирокчилар рағбатлантирилади.
Оромгоҳда болажонларнинг соғлом овқатланишига алоҳида эътибор қаратилган. Махсус санитария талабларига тўлиқ жавоб берувчи замонавий ошхонада ҳар куни 5 маҳал овқатланиш ташкил этилган. Эрталабки нонушта, тушлик, кечки овқатдан ташқари, болаларга оралиқ соғлом тамаддилар – мева, шарбат, сутли маҳсулотлар берилади.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ(сурат),ЎзА