Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлимининг ташаббуси билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорликда вилоят тиббий диагностика марказининг малакали шифокорлари томонидан кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлган журналистлар 3 кун давомида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
– Журналистлар – жамиятимизнинг энг фаол фуқаролари бўлиб, уларнинг саломатлиги, айниқса бугунги пандемия даврида ҳаётимиз учун жуда муҳим, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош врачи Рустам Йўлдошев. – Сирдарёлик кўп йиллик меҳнат стажига эга журналистлар вилоят тиббий диагностика марказимизнинг олий ва биринчи тоифали шифокорлари, лаборант ва қўли енгил ҳамширалари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилаяпти. Жамиятимизнинг фидойилари бўлган журналистларимизга ёрдамимиз тегса ўзимизни бахтиёр ҳис қиламиз.
– Марказимиз 250 қатнов ўрнига эга бўлиб 20 даволаш ётоқ ўрни ҳам мавжуд, – дейди вилоят тиббий диагностика маркази директори Шокиржон Темиров, – 50 хил қон ва пешоб таҳлилини қилиб бера олиш имонияти мавжуд 2 та лаборатория ишлаб турибди. Муассасамизга келганларга ташхис қўйиш учун ЭКГ, УЗИ, видеогостроскоп, рақамли ренгтгенография бўлимларимизда малакали врач ва ҳамшираларимиз фаолият юритади. Нервопотолог, терапевт, кардиолог, офтальмолог, гинеколог, уролог каби шифокорлар ва барча ҳамаширалар беморга ширин сўзи ва шундан сўнггина мукаммал муолажаси билан ҳамиша малҳам бўлиб келишмоқда.
Дарҳақиқат, бугун марказда 14 нафар олий ва 1-тоифали врач, 22 нафар малакали ҳамшира ва ўз ишининг фидоийси бўлган 5 нафар кичик тиббий ходим фаолият юритмоқда. Малакали врачлардан кардиолог Жўрабек Ашурхонов, нервопотолог Отабек Ҳакимов, уролог Азамат Ботиров ҳамширалардан Зулхумор Аъзамова, Саодат Маматова, лаборант қизлардан Дилдора Исоқова, Рамилия Ишамбетова, ғазначи Нигора Жўрабоеваларнинг ишларидан барча қатновчилар миннатдор эканларни шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
[gallery-2116]
– Мақсад, ижод аҳлининг саломатлигини муҳофаза қилиш, бугунги пандемия даврида озгина бўлсада уларга иқтисодий кўмак бериш, маънавий қўллаб-қувватлашдан иборатдир, – дейди Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Бойжигит Абдуллаев. – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили Давлат дастури доирасида вилоятдаги жамиятимизнинг энг фаол фуқаролари бўлган журналистларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга тиббий маслаҳатлар бериш, зарурият бўлса уларда малакали мутахассислар иштирокида жарроҳлик амалиётини ўтказишни мақсад қилган эдик, шу кунгача 40 нафарга яқин ижодкорларимиз кўрикдан ўтди.
Саломатлигининг аҳволига қараб кимдир мутахассис маслаҳатини олди, кимдир жарроҳлик амалиётини ўтказаяпти, бошқалари эса саломатлиги билан ҳаммаси жойида эканидан бағоят мамнун.
– Ушбу тиббий диагностика марказида яратилган шароитлар бизга жуда манзур бўлди, – дейди Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси, журналист Дилором Исмадиярова. – Ушбу муассасага шифо истаб келган беморлар ажойиб хусусиятига эга “Туз ғори”да ёки Жиззахнинг Тузконидан олиб келинаётган шифобахш балчиғи билан даволаш усулларидан фойдаландик.
– Ташхислаш, тиббий маслаҳатларни бепул олиш, зарурат бўлса, шу ерда ётиб даволаниш имконияти яратиб берилгани учун миннатдормиз, – дейди “Янги Сирдарё” газетаси масъул котиби, журналист Рустам Содиқов. – Бизни ширин сўз билан кутиб олиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказган вилоят тиббий диагностика маркази врач ва ҳамшираларига ҳам раҳмат.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов, ЎзА