Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёлик подполковник “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”
21:00 / 2022-12-29

Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни, нуфузини ошириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари  Федерациясида “Йил аёли” миллий танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси биринчи бўлим бошлиғи, божхона хизмати подполковниги Санобар Абдураззоқова ҳам фаол иштирок этиб, “Йилнинг энг ватанпарвар аёли” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди. Республика Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг махсус дипломи билан тақдирланди.

Сирдарё вилояти божхона бошқармасида унинг ҳамкасблари С.Абдураззоқовани тантанали кутиб олди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг божхона органларига, айниқса биз, аёл ходималарга кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган шарт-шароитлар, билдирилган ишончга жавобан Ватанимиз равнақи йўлида виждонан ва ҳалол хизмат қилишни шарафли бурчимиз, деб биламан, – дейди Санобар Абдураззоқова. – Ортда қолаётган 2022 йил ҳаётимда унутилмас йил бўлиб қолмоқда.  

С.Абдураззоқова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 5 мартдаги “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига биноан "Содиқ хизматлари учун" медали билан тақдирланган эди. Орадан кўп ўтмай Санобарга навбатдаги ҳарбий божхона хизмати подполковниги унвони берилди. Йил якунида эса "Йилнинг энг ватанпарвар аёли" деган эътирофга сазовор бўлди. Буларнинг барчаси ўзбек аёлининг фидокорона меҳнати, Ватанга бўлган садоқати, миллат шаънини улуғлаш каби қадриятларимизнинг яққол исботидир.  

Шуҳрат Суяров, ЎзА