Республика ихтисослаштирилган Онкология ва Радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали онкологлари онкологик касалликлар билан касалланган беморларни даволаш, уларни умр кўриш давомийлигини узайтириш мақсадида замонавий, энг илғор, сўнгги русумдаги технологиялар имкониятидан самарали фойдаланмоқда.
Яқинда мазкур муассасага Чехия давлатида ишлаб чиқарилган, қиймати 1 миллион 400 минг АҚШ доллари бўлган “КОБОЛЬТ-80” гамма-нур терапия аппарати олиб келиб ўрнатилган эди.
Сирдарёлик онкологлар ушбу “КОБОЛЬТ-80” гамма-нур терапия аппарати ёрдамида онкологик касалликларга чалинган, 160 дан ортиқ беморга дистанцион нур терапия муолажаларини ўтказди.
Бундан ташқари муассасага моддий техник имкониятларни янада кенгайтириш, беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат тури сифати ва кўламини ошириш мақсадида 5 миллиард сўмлик, 16 турдаги 22 та тиббий асбоб-ускуналар келтирилди.
Бу эса онкологлар ишини бир мунча енгиллаштиришга, касалликларни барвақт аниқлаш ва ўз вақтида даволаш имконини бермоқда. Кўкрак қафаси ҳамда қорин бўшлиғи, қўл ва оёқ соҳасидаги юқори технологик операциялар ана шу илғор технология имкониятларидан фойдаланилган ҳолда, шу ернинг ўзида маҳаллий онколог мутахассислар томонидан ўтказилаяпти.
Беморларнинг сарсон бўлиб, узоққа боришига, даво муолажалари олиш учун узоқ муддатли навбатларда туришларига энди ҳожат қолмади. Улар ўз саломатликларини шу ернинг ўзида тиклаши мумкин. Бунинг учун Республика ихтисослаштирилган Онкология ва Радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалида ҳам барча имкониятлар яратилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА