Гулистон шаҳридаги Болалар кутубхонасида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир ва публицист Ҳамроқул Ризонинг таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан хотира кечаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда шоирни таниган-билган ва суҳбатидан баҳраманд бўлган турли соҳалар вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни олиб борган Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Норинисо Қосимова устоз Ҳамроқул Ризо ҳақида шундай деди:

– Устознинг шеърлари ва публицистик асарлари ҳар доим одамларни чин қалбдан ҳис қилишга, замон ва ҳаёт воқеликларини қадрлашга ўргатди. Мен учун Ҳамроқул Ризо фақат шеър ва достонлар муаллифи эмас, балки ҳаёт ва инсон ҳақида чуқур фикрлайдиган устоз ҳам эди.
Ҳамроқул Ризо 1940 йил 26 декабрда Сирдарё вилояти, Гулистон тумани, Бешбулоқ қишлоғида таваллуд топган. У Низомий номидаги Тошкент педагогика институтида таълим олган ва илк китоби — “Баҳор келтирган қувонч” очерклар тўплами 1974 йили Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик шоирнинг “Сирдарё қасидаси” (1976), “Чўл қалдирғочи” (1982), “Мирзачўл” (1984), “Чўлни чаман этганлар” (1995), “Сирдарё табиатининг ранг-баранглиги” (А.Турдиқулов билан ҳаммуаллифликда, 2000), “Сирдарё чинорлари” (Р.Турдиев билан ҳаммуаллифликда, 2006–2007), шунингдек, “Зангори дарё”, “Олтинсоч”, “Умид карвонлари” ва “Ҳикматлар” каби 20 дан ортиқ асарлари чоп этилган.

Ҳамроқул Ризо ижоди Сирдарёнинг чўлқувар ва фидойи меҳнаткаш аҳолисининг ҳаётини мадҳ этиш, табиатнинг турли ранг-баранглигини ёритиш билан ажралиб туради. Унинг содда, самимий ва оддий тили шеърлари, достонлари ва публицистик асарларига ҳам кўчган.
Хотира кечасида иштирокчилар шоир ҳаёти ва ижодий мероси ҳақида фикр алмашдилар. Сўзга чиққанлар асосанҲамроқул Ризо ижодининг аҳамияти ва асарларининг давомийлигини таъкидлашди.

Иштирокчилар устознинг ортидан қоладиган яхши ном ва асарларининг абадийлиги, ижодий меросини келажак авлодларга етказиш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар. Хотира кечаси якунланар экан, устоз руҳи покига Қуръон тиловати қилинди.
Ҳамроқул Ризо 2008 йилда 68 ёшида вафот этган бўлса-да, унинг шеърлари, достонлари ва публицистик асарлари ҳанузгача юртдошларимиз томонидан севиб ўқилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири