Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори сирдарёлик деҳқонлар учун дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Мамлакатимизда кейинги 3-4 йил ичида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш асосида суғориладиган майдонлардан олинадиган ҳосил миқдорини ошириш ва сифатини яхшилаш орқали мамлакат аҳолиси турмуш даражасини юқори поғоналарга кўтариш борасида Сирдарё вилоятида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва барқарорлигини таъминлашнинг энг истиқболли йўналишларидан бири – бу экинларни суғориш учун томчилатиб суғориш тизимларини қўллаш энг самарали усул эканини ўтган йиллар мавсумининг ўзи исботлаб берди.
Сирдарё вилоятида 2021 йилда 12 минг 426 гектар майдонда мазкур технологияларни жорий қилиш, жумладан, 11 минг 889 гектар пахта, 437 гектар мевали экинлар ва 100 гектар бошқа экинлар етиштириладиган майдонларда томчилатиб суғориш кўзда тутилган. Сув хўжалиги ташкилотлари томонидан сувни тежовчи технологиялар жорий этиладиган майдонларни янада кенгайтириш бўйича вилоятда кенг қамровли ишлар олиб борилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бугунги кунда 12 минг 326 гектар майдонда ана шундай технологияларни ўрнатиш юзасидан қурувчи ташкилотлар билан 71 та фермер хўжалиги ўртасида шартномалар тузилиб, ушбу технологияни қуриш ва ўрнатиш ишлари аллақачон бошлаб юборилди.
Деҳқон ва фермерларимиз томчилатиб суғоришнинг афзал жиҳатларни аллақочан англаб етганлиги боис, бу усул вилоятда тобора оммалашиб, нафақат интенсив боғлар ва иссиқхоналарда, балки, пахтачилик, сабзавотчилик ва полизчилик тармоқларида ҳам кенг жорий этилаётир.
Пировардида, табиий ва моддий ресурслар тежалиши билан бирга, ҳосилдорлик муттасил ошиб бормоқда. Бу мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз ва арзон нархларда етказиб беришга имконият яратаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Кўклам келмай туриб, сирдарёлик миришкорларнинг вилоят экин далаларида сув тежовчи технологияларни ўрнатишга улкан иштиёқ билан киришгани, ҳали бу борада ишларнинг бардавомлилигидан далолат беради.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА