Украинадаги Чернобиль атом электр станциясида содир бўлган фалокат оқибатларини бартараф этишда иштирок этган сирдарёлик фуқароларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ва ҳудудий бўлимлари ҳузурида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан саховат ёрдами кўрсатилди.
Бундан 36 йил муқаддам Чернобиль АЭСдаги фалокат оқибатларини бартараф этишда кўпминглик ўзбекистонликлар қатори Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчи мард, жасур, фидойи юртдошларимиз ҳам иштирок этган эди.

Улар билан дилдан суҳбатлашсанг, қалбидаги фикрларни ўқий олсан. Ҳаёт инсон учун берилган энг муҳим неъмат эканлигини ҳис этасан. Гарчанд улар давлат эътиборида, доимий тиббий назоратда бўлсаларда, ҳали ҳамон ўша йиллардаги фалокат асоратлари хотира ва жисмларини тарк этмаганига гувоҳ бўласан. Лекин улар қалбан теран ва руҳан соғлом, энг муҳими, ўз оилалари бағрида, фарзандлари, набиралари қуршовида ва бахтли ҳаёт кечирмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят ҳудудий бўлими Сирдарёда ташкил этилаётган тадбирларда фаол иштирок этиб, фонд маблағлари ҳисобидан эҳтиёжмандларга кўмак кўрсатиш борасида кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқда.

Сирдарёда истиқомат қилаётган 55 нафар чернобилчи хонадонига 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
– Ўз жонини, соғлиғини гаровга қўйиб Чернобиль фалокатларини бартараф этишда иштирок этиб қайтган бу мард, жасур инсонлар ва уларнинг фидойилиги тўғрисида ҳар қанча гапирсак, уларнинг саломатликларига ҳар қанча эътибор қаратсак оз, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими бошқаруви раиси Баҳодир Тўхтасинов. – Юртимизда ҳеч бир киши ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди. Мақсадимиз эса битта, аҳоли фаровон яшасин, одамлар турмушидан рози бўлсин.
А.Қаюмов, ЎзА