Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёлик болалар Самарқандда соғломлаштирилмоқда
20:52 / 2023-05-03

Рамазон ойида Сирдарё вилоятида яшовчи 56 нафар, Самарқанд вилоятидаги 145 нафар юрагида туғма нуқсони бор болалар давлат ҳисобидан Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида операция қилиниши ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Ана шу хабар ортидан тиббиёт марказида бўлиб, бу ҳақида батафсил маълумот олишга ҳаракат қилдик.  

Ўтган йили 600 нафар боланинг юраги операция қилинди.  

– Марказимизда кардиохирургия бўлими ташкил этилиб, болаларда учрайдиган юрак нуқсонлари жарроҳлик йўли билан бартараф этилаётгани кейинги йилларда юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар самараси бўлди, – дейди Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори Маматқул Азизов. – Хориждаги тиббий марказларда ишлаётган ўзимизнинг мутахассисларимиз давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизга таклиф этилиб, уларга чет элдагидек шароит яратиб берилди, иш ҳақи тўланмоқда. Бунинг натижасида шу пайтгача катта маблағ эвазига фақат хорижда бажарилган жарроҳлик амалиётлари ўзимизнинг тиббий марказларда амалга оширилмоқда.  

Бизда ҳам дастлаб Москвадаги А.Бакулев номли юрак-қон томир касалликлари жарроҳлиги илмий-тадқиқот институтида фаолият олиб бораётган маҳаллий мутахассислар ишга таклиф этилиб, болалар юрак жарроҳлиги йўлга қўйилганди. Яқинда республика болалар миллий тиббиёт марказига раҳбар бўлган Мақсуд Саидов ана шундай илк мутахассисимиз эди. Бу саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини берди ва йилдан-йилга ушбу йўналишдаги ишларимиз кўлами кенгайиб бормоқда.  

Биргина ўтган йилнинг ўзида 600 га яқин болада юрак операцияси ўтказилиб, улар соғломлаштирилди. Эътиборлиси, бу жарроҳлик амалиётларининг 400 дан ортиғи давлат, маҳаллий бюджет ва турли жамғармалар, тиббий суғурта маблағлари ҳисобидан бажарилди. Чунки, юракда амалга ошириладиган битта жарроҳлик амалиёти учун камида 20 миллион сўм пул сарфланади. Ҳар қандай оила ҳам бу маблағни тўлай олмаслиги мумкин. Шунинг учун давлатимиз раҳбари ташаббуси ва эътибори билан бу йил ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган оилалардаги беморларни соғломлаштириш, уларда мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш учун 90 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда.  

Жумладан, бизнинг тиббий марказимизга Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги 201 нафар боладаги туғма юрак нуқсонларини операция қилиш учун 5 миллиард 300 миллион сўм маблағ берилмоқда. Шунинг ҳисобидан ҳозирда ана шу бемор болаларни соғломлаштириш бошланди.  

Сирдарё вилоятида туғма юрак нуқсони билан рўйхатга олинган болалар марказлашган тарзда ота-онаси билан бирга марказимизга келтирилиб, яна бир бор текширувдан ўтказилди. Сўнгра уларни операция қилиш жадвали тасдиқланиб, шу асосида марказга чақирилмоқда. Ҳар куни икки-уч нафар болада жарроҳлик амалиёти бажарилмоқда.  

58 та юрак соғлом ура бошлади  

2019 йилда хориждан келиб Самарқандда иш бошлаган тиббиёт фанлари номзоди Нисо Турдиева айни пайтда марказ кардиохирургия бўлими бошлиғи. Ёш мутахассис уч йилдан буён ҳар йили юзлаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиб, хаста қалбларни даволамоқда.  

– Халқимизга ёрдамим тегаётганидан, болажонларимиз соғлом ҳаётга қайтаётганидан хурсанд бўламан, – дейди Нисо Турдиева. – Мазкур ижтимоий акция давомида қисқа вақт ичида сирдарёлик 18 нафар, самарқандлик 40 нафар болада операция ўтказдик ва бу болаларнинг барчасидаги юрак нуқсонлари бартараф этилди. Қолган беморлар ҳам белгиланган вақтда операция қилиниб, тез орада соғлом ҳаётга қайтади. Бу давлатимизнинг ёш авлод саломатлигига бўлган жуда катта эътибори.  

Хорижда бундай юрак операциялари болалар чақалоқлигидаёқ бажарилади. Бизда эса шу пайтгача, тана вазни 10-15 кило бўлсин, ёши каттароқ бўлсин, деган қараш бўлган. Ваҳоланки, болаларда шундай юрак хасталиклари учрайдики, уни чақалоқлик пайтида операция қилиб, соғломлаштириш тақозо этилади. Чунки бу иш эртароқ бажарилмаса, бошқа хасталиклар келиб чиқиши мумкин. Тўғри, эсини таниб қолган болага нисбатан гўдакларда операция ўтказиш биз учун бироз мураккаб бўлади, лекин бу бемор учун фойдали. Шунинг учун ҳозирда юрак нуқсони билан туғилган болаларда эртароқ жарроҳлик амалиёти ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Яқин орада тиббий марказимизда чақалоқлар кардиохирургияси бўлими ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.  

Дарвоқе, марказда хориждан мутахассислар таклиф этилиб, кардиохирургия бўлими очилган бўлса, эндиликда Самарқанд давлат университетида кардиохирургия бўйича ординатура ташкил этилиб, Россиядаги нуфузли тиббиёт университетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилибди. Яъни, уч йиллик ординатуранинг 1,5 йили Самарқандда, 1,5 йили Россиядаги олий ўқув юртларида кечади. Яқинда ана шу дастур бўйича 8 нафар дастлабки мутахассислар ўқишни якунлаб, Самарқанддаги тиббий марказда фаолият бошлайди.  

Бўлажак кончи юрак хасталигидан қутулди  

Сирдарё вилояти Сардоба туманидан келган Шоҳсанам Тугалованинг айтишича, қизи – Дилнура юрак нуқсони билан туғилган. Бу йил саккиз ёшга тўлган. Аммо шу пайтгача уни операция қилдириш учун имконияти бўлмаган.  

– Ўзи тузалиб кетади, деб юрардик – дейди Ш.Тугалова. – Даволатишга қўлимиз ҳам калталик қиларди. Ижтимоий кўмакка муҳтожлигимиз сабабли мана шу ижтимоий акция доирасида Самарқандга чақириб операция қилишди. Келганимизга ўн кундан ошди, қизим соғлом болалардек нафас олмоқда. Давлатимиздан, шифокорлардан миннатдормиз.  

[gallery-11704]

Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида яшовчи 17 ёшли Ҳасан Темиров ҳам юрак нуқсони билан туғилган. Бу оила ҳам операцияга имконият тополмаган.  

– Яна 2 нафар болам бор, улар соғлом туғилган, - дейди Гулзода Темирова. – Ўғлим улғайган сари нафас олиши қийинлашиб, озроқ юрса чарчаб қоладиган бўлди. Ёлғиз онаман, нима қилишни билмайман, фақат Аллоҳдан нажот сўрайман. Боламни давлат ҳисобидан операция қилиб беришди. Президентимизга мингдан минг раҳмат!  

– Юрганимда тез чарчаб қолардим, яхши нафас ололмасдим, – дейди Ҳасан. – Аммо, кўнглимда кончи бўлиш нияти бор эди. Бу ҳолатда орзуимга етолмайман, деб ўйлардим. Мана энди операциядан кейин ҳаммаси ўзгарди. Юрагим уриши ҳам, нафас олишим ҳам жуда яхши. Энди ниятим қатъий – мактабни битириб, албатта, кончилик техникумида ўқийман.  

Сирдарёнинг Хавос туманидан келган Севара Эгамованинг айтишича, бешинчи фарзанди – Бахтигул даун синдроми билан туғилган. Юрагида ҳам хасталик бўлган, лекин жарроҳлик амалиёти бажарилмаган.  

– Касаллик ўпкасига таъсир кўрсатгач, икки йил олдин Тошкентда операция қилдирган эдик, – дейди Севара Эгамова. – Кейинчалик касаллик оёғига асорат бера бошлагач, худодан мадад кутиб фақат дуо қилардим. Маҳаллада “Аёллар дафтари”да рўйхатда турамиз. Давлат томонидан турли ёрдамлар берилади, аммо боламга қараб ҳеч нарса кўзимга кўринмасди. Яқинда Рамазон ойи кунларида Президентимиз ғамхўрлиги билан бундай болалар Самарқандда бепул операция қилинишини айтишганда, қувончим ичимга сиғмай кетганди. Шукр, операция яхши ўтди. Бизга кўмак берганлардан миннатдорман!  

Самарқандлик шифокорлар Қашқадарёда операция қилди  

Ўтган ҳафта самарқандлик шифокорлар Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида илк жарроҳлик амалиётини бажарди.  

– Қаршидаги тиббиёт марказида ҳам кардиохирургия бўлими ташкил этилди ва бизда ишлаган шифокор у ерда иш бошлади, – дейди Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори ўринбосари Фазлиддин Файзуллаев. – Ҳамкасбларимизга ёрдам бериш мақсадида ўтган ҳафта Қашқадарёга бориб, илк юрак операциясини ўтказиб келдик. Юртимизда юқори технологияли бундай жарроҳлик амалиётларининг бажарилиши аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини оширишга туртки бўлади, соғлиқни сақлаш тизими ривожланади.  

Ғолиб ҲАСАНОВ, 
ЎзА мухбири.