Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёлик беморларда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўказилди
14:41 / 2022-12-03

Давлатимиз раҳбари жорий йил 18 мартда соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказган эди. Унда аҳоли саломатлигини сақлаш ва уларга намунали тиббий хизмат кўрсатиш, республика марказидаги ихтисослашган тиббиёт марказларида амалга оширилаётган юқори технологик жарроҳлик амалиётларини нафақат пойтахтда, балки вилоятларда ҳам йўлга қўйиш, аҳолини тиббиёт муассасаларига эмас, тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш юзасидан муҳим вазифа ва топшириқлар берган эди.

Ушбу вазифалар ижроси доирасида Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш тизимида Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва у ерда фаолият олиб бораётган олимлар, етакчи мутахассислар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди, натижада вилоят ҳамда республика даражасидаги тиббиёт муассасаларида 2401 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

Илк маротаба Сирдарёда икки нафар беморда буйрак кўчириб ўтказиш (трансплантация),  туғма юрак нуқсони бўлган 3 нафар болада эндоваскуляр усулда окклюдер қўйиш амалиёти ўтказилган бўлса, Гулистон тиббиёт кластерининг жарроҳлик бўлимида умуртқа поғона диск чуррасини олиш ва титан кейдж билан умуртқани стабиллаштириш, умуртқа поғона силжишларини ТПФ система билан мустаҳкамлаш, сон бўғимларини тотал эндопротезлаш, бемор бош миясидаги ўсмаларни олиб ташлаш, қорин олд девор чуррасини лапароскопик усулда бартараф этиш, перкутант цистостомия ва нефростомия, септопластика, ошқозон субтотал резекцияси, каби юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, 677 нафар фуқаронинг саломатлиги тикланди.  

Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиалида ҳам худди шу турдаги жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб 633 нафар беморга қайта ҳаёт бахш этилди.

– Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилоят минтақавий филиалида 847 нафар фуқарода юрак қон-томир коронарографияси, коронар қон-томирларни стентлаш, туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларга окклюдер қўйиш, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиалида кўз касаллиги туфайли кўришда муаммоси бор беморларнинг 30 нафарида сунъий гавҳар қўйиш амалиётлари ўтказилди, – дейди Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича биринчи ўринбосари Файзулла Мавлонов. – Бундан ташқари, Республика ихтисослаштирилган хирургия, травматология-ортопедия, урология, нейрохирургия, кардиология илмий-амалий тиббиёт марказлари ва Республика болалар миллий марказида 124 нафар сирдарёлик фуқарода юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Улар соғ-саломат, касалликдан бутунлай фориғ бўлиб ўз оилалари бағрига қайтди.

Хасталикнинг ҳар қандай тури мураккаб синов. Ўз вақтида тўғри муолажа қилинмаса, кичик жароҳат ҳам оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Бу борада Сирдарёда муҳим қадамлар ташланган. Бу эса соҳанинг эртанги истиқболини белгилаб беради.

Шуҳрат Суяров, ЎзА