Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Сирдарё вилоят филиали ҳамда Россиянинг СК «СПАРТА» МЧЖ ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишуви асосида агентликнинг минтақавий филиалида қурилиш соҳасида ишлаш истагида бўлган фуқаролар иштирокида танлов ўтказилган эди.
Сирдарё вилоятида ушбу танловдан муваффақиятли ўтиб, тиббий кўрик натижалари ижобий чиққан 31 нафар сирдарёлик фуқаролар Тошкент халқаро аэропортидан Россиянинг Калуга вилояти Обнинск шаҳрига қурилиш объектларида ишлаш учун жўнаб кетди.

Кузатув чоғида агентликнинг Сирдарё вилояти филиали масъул ходимлари томонидан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларга ўз йўналишлари бўйича тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилиб, уларга соҳаларга оид буклет ва йўриқномалар берилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Сирдарё вилоят филиали масъулларининг таъкидлашича, ушбу фуқароларни карантин манзилига жойлаштириш, рўйхатга олиш, ишлаш ҳуқуқини берувчи патент, 3 маҳал озиқ-овқат, ётоқхона, махсус кийим харажатлари иш берувчи томонидан тўлиқ қопланади.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА