Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёлик 112 нафар битирувчи олий таълим муассасалари талабасига айланди
18:46 / 2025-06-02

Жорий ўқув йилида Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимидаги 312 та умумтаълим мактабларини 10 469 нафар, 12 та ихтисослаштирилган, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод ҳамда Президент мактабларини 385 нафар, 8 та нодавлат таълим муассасаларини 216 нафар ўқувчи битириши кутилмоқда.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, мазкур битирувчилар орасидан 112 нафар 11-синф ўқувчиси маҳаллий ва халқаро нуфузга эга бўлган олий таълим муассасаларига муддатидан олдин қабул қилинди.

Бундан ташқари, 1 414 нафар ёш халқаро тан олинган SAT, IELTS, TOEFL, CEFR ва шу каби имтиҳонларда муваффақиятли иштирок этиб, тегишли сертификатларга эга бўлди. Бу эса уларнинг тил билими ва умумий салоҳияти халқаро мезонларга жавоб беришини кўрсатади.

– Битирувчиларимиздан айримлари АҚШнинг Hartford University, Chicago University, Florida International University, Arizona State University, Iowa State University каби нуфузли университетларига ўқишга қабул қилинди, – дейди Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева. – Шунингдек, Италиянинг Tor Vergata University университети ҳам ёшларимиз учун билим эшикларини очгани қувонарли ҳол.

Шу билан бирга, Россия, Туркия, Жанубий Корея каби давлатлар ҳамда юртимиздаги “Янги Ўзбекистон” университети, Тошкент тиббиёт академияси, Гулистон давлат университети, ТАТУ, Шарқшунослик ва Жаҳон тиллари университетлари ҳам Сирдарё ёшларига ишонч билдириб, талабаликка қабул қилдилар.

Бу йилги мукофотланганлар сони ҳам аҳамиятли даражада. Хусусан, 176 нафар битирувчига олтин, 20 нафарига эса кумуш медаль тақдим этилиши режалаштирилган. Бу уларнинг таълим соҳасидаги юксак натижалари ва шахсий интилишларининг эътирофи сифатида баҳоланмоқда.

Сўнгги йилларда таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, мактабларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани, педагоглар малакасининг оширилиши ва рағбатлантириш тизимининг такомиллашуви шундай муваффақиятлар заминини яратмоқда. Сирдарёлик ёшларнинг халқаро миқёсда эришган натижалари мамлакатимиздаги таълим ислоҳотларининг амалий самарасидир.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири