English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёлик 110 нафар бола “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан оромгоҳда дам олди
10:08 / 2021-07-28

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сирдарё вилоят бошқаруви, унинг шаҳар ва туман бўлимлари қошида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий кам таъминланган, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”ига киритилган оилаларнинг 110 нафар ўғил-қизи ёзги дам олиш мавсумида оромгоҳларда дам олди.

– Ёзги болалар оромгоҳи ва у ерда дам олаётган болаларнинг 110 миллион сўмдан ортиқ харажатлари фонднинг “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сирдарё вилоят бошқаруви бош мутахассиси Анвар Нарзуллаев. – Ҳамма болалар каби бу болаларнинг ҳам орзуси бор. Оромгоҳларда дам олгиси, янги дўстлар орттириб, ўйнагиси келади. Аммо, оиладаги етишмовчилик ва камчиликлар бунга йўл бермайди. Уларнинг бу орзусини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилдик.

Ўғил-қизлар Янгиер шаҳридаги “Янгиер” сиҳатгоҳи қошида очилган болалар дам олиш оромгоҳда бўлди. Улар учун у ерда барча шарт-шароит яратилган. Спортнинг бир қанча турлари бўйича секциялар ташкил этилган. Кутубхона, бадиий тўгараклар ишлаб турибди. Яхши дам олиши, хордиқ чиқариши, бой таассуротлар ила ота-оналари бағирига қайтиши учун барча чоралар кўрилган.

– Бизни ташлаб қўйишмади, – дейди Мирзаобод туманининг “Ҳақиқат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Насибахон Жўраева. – Оилавий шароитимизни ўрганиб, “Аёллар дафтари”га киритишди. Харажатлар қоплаб берилгани учун фарзандимни оромгоҳга жўнатдим. Бу болаларим учун кутилмаган совға бўлди. Топганимиз рўзғордан ортмайди, ўзимиз юборишга имкониятимиз етмасди.

 

Шуҳрат Суяров, ЎзА