Сирдарё вилояти 2025 йилги пахта терими мавсумига тўлиқ тайёр. Жорий йилда пахта терими жараёни механизация асосида, яъни қўл меҳнати ишлатилмай, замонавий пахта терим комбайнлари орқали амалга оширилади.
Бу ҳақда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов масъул идора ва ташкилотлар раҳбарлари билан ўтказган йиғилишда маълум қилди.

Маълум қилиндики, 2024 йилда вилоятда 165 та пахта териш машинаси мавжуд бўлган бўлса, жорий мавсумда 200 та янги ва юқори унумдор техника харид қилинди. Шу тариқа, умумий техника сони 365 тага етказилди, бу эса теримни тез ва сифатли амалга ошириш имконини беради.

Ҳоким Эркинжон Турдимов мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигини алоҳида таъкидлади:
“Пахтани қўл терими ишлатмасдан, техник имкониятлардан самарали фойдалансак, белгиланган муддатда якунлашимиз мумкин”, — деди у.
Пахта хом ашёсини қабул қилишда ҳам шаффофлик асосий вазифа сифатида белгиланган. “Hosil qabuli” ахборот тизими орқали ҳар бир майдондан келган ҳосил қайд этилади ва паст нав сифатида баҳолашга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, терим якунланган майдонларда ғалла экиш ишларини кечиктирмай амалга ошириш, шу мақсадда техника, уруғлик, минерал ўғит ва сув таъминоти билан таъминлаш масаласи ҳам қатъий назорат остида олиб борилади.
Вилоят раҳбарининг таъкидлашича, мазкур чора-тадбирлар пахта терими жараёнини замонавий, самарали ва шаффоф ташкил этиш, қўл меҳнатини камайтириш ҳамда ҳосилдорлик ва ҳосил сифатига ижобий таъсир кўрсатишга хизмат қилади.
Ғулом Примов,
Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари