English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёдаги тадбирлар “Болаларга беринг дунёни” шиори остида ўтказилмоқда
15:18 / 2021-06-01

Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Болаларга беринг дунёни” шиори остида байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Шу муносабат билан Гулистон шаҳридаги Намуна маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида давлат шерикчилиги асосидаги “Smart kids” номли нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг тантанали очилиш тадбири бўлиб ўтди.

Гулистонлик тадбиркор Ғайрат Ибрагимов акциядорлик тижорат “Асака” банкининг вилоят филиалидан 15 йиллик 2 миллиард сўм имтиёзли кредит, қолган 1 миллиард сўм маблағни ўзининг шахсий жамғармаси ҳисобидан сарф қилиб, ушбу 2 қаватли юз ўринга мўлжалланган нодавлат мактабгача таълим ташкилотини янгидан барпо этди.

Нодавлат МТТда ҳозир 75 нафар болажонга ёш тоифасига қараб, ҳар бирида 25 нафардан 3 та гуруҳга бўлинган ҳолда 20 нафар педагог томонидан таълим-тарбия берилмоқда.

Тарбияланувчиларга сабоқлар ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Улар инглиз тили ва бир қатор спорт, мусиқа тўгаракларида иштирок этиши мумкин.

Ушбу байрам кунларида вилоят бўйича жами 3 та 330 қувват ўринли давлат, 55 та 1 минг 765 қувват ўринга эга бўлган нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 4 та 192 қувват ўринли “Ақлвой” мобиль гуруҳлари фаолиятини ташкил этилиши кўзда тутилган.

2020 йил якуни бўйича вилоятда жами 548 та мактабгача таълим ташкилотига 47 минг 428 нафар боғча ёшидаги болалар қамраб олинган бўлиб, қамров фоизи 70,1 фоизни ташкил қилган эди. Жорий йилнинг 30 апрель ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 70,4 фоизни ташкил этиб, вилоят ҳудудидаги 67 минг 623 нафар 3-7 ёшли болалардан 47 минг 636 нафари 564 та мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинди.

Вилоят бўйича бугунги кунда давлат мактабгача таълим ташкилотлари 194 тани, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари 371 тани ташкил этаётган эди.

qayu

2021 йилнинг 1-чораги давомида жойларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини очиш истагини билдирган ташаббускор тадбиркорлар билан олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида 109 нафар тадбиркор ва Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида битимлар имзоланди.    

Куни кеча вилоят бўйича 10 та оилавий, бугун эса 3 та давлат, 4 та давлат-хусусий шериклик асосидаги, 41 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, Оқолтин тумани Тошкент ва Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган 2 та “Ақлвой” мобиль гуруҳлари тантанали очилмоқда.  

Эртага 2 июнь куни Сардоба тумани Зомин ва Бўстон МФЙларда жойлашган 2 та “Ақлвой” мобиль гуруҳларининг очилиши режалаштирилган.

Тадбирларда вилоят, туман ва шаҳарлар секторлари раҳбарлари болажонларга “Болалар адабиёти хазинаси”дан ўрин олган китоблар, шунингдек, турли-туман юмшоқ ўйинчоқлар, ширинлик, яхна ичимлик ва музқаймоқлар улашмоқда.

Вилоятда жами 58 та 2 минг 287 та қувват ўринга эга бўлган давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда “Ақлвой” мобиль гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида мактабгача таълим ташкилотлари сони 622 тага, уларга қамраб олинган болалар сони эса 49 минг 923 нафар ёки 73,8 фоизга ортгани ва 385 та янги иш ўрни яратилиб, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганлар иш билан таъминланди.

“Болаларга беринг дунёни” шиори остидаги байрам тадбирлари нафақат мактабгача таълим ташкилотлари, балки, вилоятдаги барча шаҳар ва туманлар истироҳат боғларида давом этмоқда.

 

А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА