Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёдаги сессияда қандай масалалар муҳокама қилинди?
17:23 / 2021-03-16

Сирдарё вилоятидаги “Темир дафтар”га кирганлар учун – 0,5 миллиард сўм, “Аёллар дафтари”да бўлганларга – 0,5 миллиард, “Ёшлар дафтари”да турганларга – 0,4 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилди.

Куни кеча Гулистон шаҳрида олтинчи чақириқ халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг XIX сессияси бўлиб ўтди ва унда вилоят Кенгаши депутатлари, иқтисодий, ижтимоий соҳа ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жамоат ва қурилиш ташкилотларининг раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Носировнинг сессия кун тартибидаги биринчи масала юзасидан ахбороти тингланди.

Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида берилган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда бир қатор амалий ишлар бажарилди.

Ушбу дастур асосида вилоятда йил давомида қилинадиган ишлар белгилаб олинган бўлиб, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш йўналишида жорий йилда 3 минг 124 нафар фуқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилмоқда.  

Давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг февраль ойи давомида “Спортни сев”, “Биз янги Ўзбекистон ёшларимиз”, “Биз бир жамоамиз” шиорлари остида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида спортнинг мини-футбол, волейбол, гандбол, стол тенниси, бадминтон каби турлари бўйича жами 112 та спорт мусобақаси ташкил этилди.  

Ушбу спорт тадбирларига жами 19 минг 156 нафар ёш жалб этилган бўлса, уларнинг 8 минг 741 нафарини қизлар ташкил этди.  

[gallery-1585]

– Жорий йилнинг биргина февраль ойи давомида “Ёшлар ҳафталиги”, “Таълим муассасалари ҳафталиги”, “Хотин-қизлар ҳафтлиги”, “Маҳалла ва нуронийлар ҳафталиги” каби жами 62 бор спорт мусобақаси ташкил этилиб, унга 12 минг 428 нафар иштирокчи жалб этилди, – дейди Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари О.Носиров. – Бундан ташқари, аҳоли ўртасида оммавий югуриш ва юришни тарғиб этиш мақсадида вилоятнинг барча ҳудудларида “Соғлиқ учун 5000 қадам” акцияси ўтказилиб, унга ёши улуғ инсонларнинг 1 минг 275 нафари қамраб олинди.

Бугунги кунга келиб вилоятда жами 77 та “Workout” майдони барпо этилди. Жумладан, Боёвут туманида 5 та, Гулистон туманида 7 та, Оқолтин туманида 5 та, Мирзаобод туманида 4 та, Сардоба туманида 17 та, Сирдарё туманида 8 та, Сайхунобод туманида 13 та, Ховос туманида 3 та, Гулистон шаҳрида 8 та, Янгиер шаҳрида 6 та Ширин шаҳрида 1 та “Workout” майдонлари аҳоли учун фойдаланишга топширилди.

Сессия иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг Сирдарё вилояти бўйича минтақавий вакили Рустамбек Турсунмуродовнинг кун тартибида бўлган навбатдаги масала юзасидан нутқи тингланди.

Ўтган 2020 йилда Омбудсманнинг Минтақавий вакили томонидан 15 та мурожаат қабул қилинган бўлиб, мурожаатлардан иш билан таъминлаш бўйича 2 нафар, ўз иш ўрнига қайта тиклаш масаласида 3 нафар, уй-жой билан таъминлаш бўйича 5 нафар, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида 2 нафар фуқарога моддий ёрдам пуллари берилишида амалий ёрдам кўрсатилгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг вилоятда ижро этилиши юзасидан Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи А.Мирзакаримов ахборот берди.

Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси органлари томонидан 2020 йил давомида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, бюро органлари томонидан амалга оширилган ижро ҳаракатлари давомида 961 миллиард 100 миллион сўмлик, 99 минг 868 та ижро ҳужжатининг ижроси таъминланиб, улар бўйича 506 миллиард 700 миллион сўм 73 минг 689 таси амалда ундирилган. Шундан, давлат бюджетига 256 миллиард 300 миллион сўм маблағ ундирилиши таъминланган. Cолиқ қарздорлигини қисқартириш юзасидан тасдиқланган режа-график асосида 212 миллиард 900 миллион сўм амалда ундирилиб, режа 104 фоизга бажарилгани таъкидланди.

– Тизим ходимлари томонидан номулкий тусдаги фуқарони уйга киритиш ва уйдан чиқариш ҳақидаги 38 та, бола олиб бериш ёки у билан кўриштириш ҳақидаги 34 та, ишга тиклаш тўғрисидаги 23 та ижро ҳужжати ижроси таъминланиб, жами 790 нафар фуқаронинг ҳуқуқи тикланди, – дейди Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи А.Мирзакаримов. – Шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасида долзарб йўналишлардан бири бўлган алимент ижро ишлари бўйича ундирувлар доимий назоратга олинганлиги натижасида 8 минг 822 нафар бола таъминоти учун 7 минг 786 нафар қарздордан даврий тўловлар мунтазам равишда ундириб борилди. Ходимларимизнинг бевосита саъй-ҳаракатлари, олиб борилган тушунтиришлар натижасида 687 та алимент ижро ҳужжати бўйича тарафлар ўзаро яраштирилиб, оилаларни қайта тиклашга эришилди.

Эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йил 1 декабрдан жорий этилган тартибга кўра солиқдан ташқари давлатга ундирилган маблағлар ҳисобидан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га декабрь ойида 1 миллиард 400 миллион сўм пул маблағлари пропорционал равишда, шу жумладан “Темир дафтар”дагиларга – 0,5 миллиард, “Аёллар дафтари”га киритилганларга – 0,5 миллиард, “Ёшлар дафтари”да турганларга – 0,4 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилди.

Олтинчи чақириқ халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг сессиясида вилоятда жамоат транспортининг ҳолати ва соҳада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи О.Эрбеков, амалга оширилган ва режалаштирилган лойиҳалар юзасидан вилоят қурилиш бош бошқармасининг бошлиғи А.Худойназаров ахборот берди.  

Кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан музокарада сўзга чиққан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилиб, уларни инобатга олган ҳолда, сессия тегишли қарор қабул қилди.

А.Қаюмов,

Ф.Тошматов(сурат),  ЎзА