Иш жараёнида ногирон бўлиб қолган Сардоба тумани фуқароларининг 186 миллион сўмдан ортиқ товон пуллари туман мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан ундириб берилди.
Ходим билан иш берувчи ўртасида меҳнат шартномасининг тузилиши тарафлар учун муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг вужудга келишига асос бўлади. Ушбу ҳуқуқ ва мажбуриятлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган бўлиб, ходимлар, иш берувчилар, ҳаққоний ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таъминлайди.
– Амалдаги қонунларимизда ходимнинг меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарар иш берувчи томонидан тўлиқ ҳажмда тўланиши белгилаб қўйилган, – дейди мажбурий ижро бюроси Сардоба туман бўлими давлат ижрочиси О.Абдурахимов. – Бўлимимиз иш юритувига, Оқолтин туманлараро иқтисодий судининг жорий йил 25 мартдаги ва 23 сентаябрдаги жами 2 та ижро ҳужжатларида қарздор “Пахтаобод пахта тозалаш” акциядорлик жамиятидан ундирувчи бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Сардоба туман бўлими фойдасига 117 миллион 259 минг 441 ҳамда 69 миллион 200 минг 463 сўм ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари 2020 йилнинг 12 майида ва 7 октябрида келиб тушганди.

Ушбу ижро ҳужжатлари келиб тушган кундан давлат ижрочиси томонидан Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши қўзғатилиб, тарафларга юборилди.
Қарздор “Пахтаобод пахта тозалаш” АЖ томонидан тўлов ижроси борасида ҳеч қандай ҳарактлар амалга оширилмагач, корхонанинг банкдаги ҳисоб рақамига инкасса топшириқномаси қўйилиб, барча ҳисоб рақамларига банд солинди. Мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида жорий йилнинг 16 ноябрида ҳар иккала ижро ҳужжати бўйича жами 186 миллион 459 минг 904 сўм бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Сардоба туман бўлими фойдасига ундириб берилди.
Дарвоқе, ушбу бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Сардоба туман бўлимига туширилган маблағлар “Пахтаобод пахта тозалаш” АЖда иш жараёнида майиб бўлиб, касб касаллигига чалиниши оқибатида ногирон бўлиб қолган фуқароларга товон пули сифатида тарқатилмоқда.
Иш берувчи ишчи-ходимга иш бердими, аввало меҳнат хавфсизлигини таъминлаб қўйиши шарт. Хавфсиз меҳнат қилишини тўлиқ таъминлай олмаса, ишчи, хизматчи ёки ходим иш жараёнида жароҳат олиб, ногирон бўлиб қолиши эҳтимолдан холи бўлмайди. Меҳнат хавфсизлиги таъминланмай, иш жараёнида жароҳат олиб ногирон бўлиб қолдими, зудлик билан товон пулини тўлаш шарт.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА