Юртимизда туризм соҳасини янада ривожлантиришга ва туризмнинг ҳудудлар ялпи ички маҳсулотдаги улушини оширишга устувор масала сифатида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизга туристлар оқимининг кескин ошиб бораётганлиги муносабати билан ҳудудлардаги туристлар ташриф буюрадиган объектлар ва автомагистраллар бўйларида ҳозирги замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳамда имконияти чекланган шахслар қулай ва тўсиқсиз фойдаланиш имкониятлари яратилган умумфойдаланишдаги санитария-гигиена шохобчаларини барпо қилиш ва фойдаланишга топшириш зарурияти борган сари долзарб масалага айланиб бормоқда. Ушбу масалага Сирдарё вилоятида ҳам юқори даражада эътибор қаратилаётир.
Шу муносабат билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Ҳайитова бошчилигидаги Республика ва ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари 2 кунлик расмий ташрифи давомида Сирдарё вилоятининг барча шаҳар ва туманлар ҳудидан ўтган халқаро аҳамиятга молик автомагистраллар бўйидаги 12 та автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияларини кўздан кечирди. Уларнинг 2 тасида белгиланган талаблар бажарилмаганлиги сабабли фаолияти қисқа муддатга тўхтатилди.
Гулистон шаҳрида ишчи гуруҳи томонидан тақдим этилган якуний хулосаларга кўра энг яхши ёқилғи қуйиш шохобчалари аниқланиб, уларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тадбирда Янгиер шаҳар Т.Малик номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги М-39 автомагистрал йўл ёқасида жойлашган “Yangi metan gaz” масъулияти чекланган жамияти АГТКС (автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси) яна шу ҳудуддаги “Safura” МЧЖ АГҚС (автомобилларга (пропан) газ қуйиш станцияси), Сирдарё тумани Камолот МФЙ, М-39 автомагистрал йўли ёқасидаги “AS-Sirdaryo servis” МЧЖ АЁҚШ (автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси) энг намунали ёқилғи қуйиш шахобчалари сифатида тан олиниб, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Бундан ташқари, Республика ва ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўрганилган 12 та шохобчанинг 10 таси юқори сифатдаги хизмат кўрсатиш имконияти мавжудлигини тасдиқловчи сертификатлар билан тақдирланди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА