French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда юқори технологик жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилди
20:48 / 2023-01-12

Сирдарёда юрак қон томир тизимида муаммоси бор, имконияти йўқ 136 нафар беморда давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағи ҳисобидан юрак коронар артерияларида юқори технологияли диагностика ва стентлаш амалиёти ўтказилди.

Ушбу амалиёт Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалининг “Рентгенэндоваскуляр” хирургия бўлимида бўлим бошлиғи, эндоваскуляр хирург Хуршид Ҳакимов бошчилигидаги сирдарёлик мутахассислар томонидан муваффақиятли бажарилди.

Бу турдаги юқори технологияли жарроҳлик амалиётига филиал ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ўртасида тузилган шартномага биноан, давлат тиббий суғуртаси жамғармасидан маблағлар йўналтирилди.

– Бундан ташқари, ўтган ҳисобот йилида филиал мутахассислари томонидан юрак, юрак қон томир тизимида муаммоси бор бўлган 856 нафар беморда коронаронгиография текширувлари, 324 нафар беморда коронар артерияларида стентлаш, 2 нафар беморда ЭФТ ва РТА амалиётлари, 3 нафар беморга доимий электрокардиостимулятор ўрнатиш амалиёти, 5 нафар беморда кам учрайдиган юрак туғма нуқсонига окклюдер қуйиш, 22 нафар беморга шунтография, 3 нафар беморга вентрикулография ва бошқа юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари бажарилди,  – дейди Сирдарё филиали директори Шуҳрат Ҳусанов. — Амалиётлар учун бундан бир, бир ярим йил муқаддам сирдарёлик беморлар Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт марказига, Россия ва Ҳиндистон каби давлатларга боришга мажбур бўлган бўлса,  эндиликда бунга ҳожат қолмади. Барчаси шу ерда, Сирдарёда амалга оширилмоқда.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази, унинг Сирдарё филиалидаги “Рентгенэндоваскуляр” хирургия бўлимида юрак қон-томир тизими билан боғлиқ касалликлар билан хасталанган беморларга ёрдам кўрсатиш мақсадида 30 турдаги юқори технологик амалиётлар йўлга қўйилди.

Мутахассислар малакаси ва тажрибасини орттириш мақсадида россиялик ва туркиялик мутахассислар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, улар иштирокида 19 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу эса келгусида Сирдарёда юрак қон-томир тизими билан боғлиқ касалликка чалинган беморларга янгича, замонавий услубда тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради.

ЎзА