Спорт нафақат жисмоний ҳаракатлар ва мусобақалардан иборат, балки инсоннинг ақлий, маънавий ва ижтимоий ривожланишига хизмат қиладиган жараёндир. У ирода ва мардликни, жамоавий ҳамкорлик ва руҳий барқарорликни ўргатади. Шу боисдан Сирдарёда спортни оммавийлаштириш, аҳолининг жисмоний тайёргарлигини ошириш ва иқтидорли ёшларни саралаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Сўнгги йилларда бу йўналишда сезиларли натижаларга эришилди. Сирдарёдан етишиб чиққан Миллий терма жамоалар аъзолари сони 2024 йилда 369 нафар бўлган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 521 нафарга етди. Шу йилда Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионати ва кубок мусобақаларида Сирдарёлик спортчилар 1 172 та медаль, Осиё чемпионатлари ва кубокларида 47 та, Жаҳон чемпионатларида эса 18 та медаль қўлга киритишди.

– Ёшлар орасида спортни ривожлантириш алоҳида эътиборда, – дейди Сирдарё вилоят спорт бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Анвар Тўйчиев, 2025 йилда спорт соҳасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида. – “Президент олимпиадаси” спорт мусобақалари Бокс, Дзюдо, Эркин кураш, Юнон-рум кураши, Таэквондо WT, Оғир атлетика, Енгил атлетика, Гимнастика, Стол тенниси ва Баскетбол турлари бўйича 15–17 ёш тоифасидаги спортчилар ўртасида уч босқичда ўтказилди. 5 855 нафар ёшдан 4 684 нафари иштирок этди. Республика финал босқичи 2025 йил ноябрь–декабрь ойларида бўлиб ўтди, унда 202 нафар спортчи қатнашди ва 22 та медал қўлга киритилди: 7 та олтин, 7 та кумуш ва 8 та бронза. Умумжамоа ҳисобида Сирдарё вилояти 8-ўринни эгаллади.
Бундай натижалар давлат томонидан спортга қаратилган тизимли ёндашув ва маҳаллалардан профессионал спорт мактабларигача яратилган шароит ҳамда кенг қўллаб-қувватлаш натижасидир.

Сўнгги уч йилда олис ва чекка ҳудудларда 102 та намунавий спорт майдончаси барпо этилди. 2025 йилда яна 26 та янги спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Президентнинг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 135,8 миллиард сўмлик 7 та спорт объектларида қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари белгиланган.
Спорт соҳасида рақамлаштириш ҳам тизимли йўлга қўйилди. 24 та ахборот тизимини ўз ичига олган “ERP-Sport” платформаси ишга туширилди. Олимпия ва Паралимпия марказларида ижодий имтиҳонлар тўлиқ рақамлаштирилди ва УзАСБО платформаси билан интеграция қилинди. 53 та спорт тури, 1,3 мингдан ортиқ спорт ходими ва 61 та ҳакам фаолияти рақамлаштирилди. 18 та спорт-таълим муассасасида 2 328 та спорт гуруҳлари ташкил этилди. 8 738 нафар разряд ва унвонга эга спортчилар маълумотлари қайд этилди ва 8 611 нафар спортчи ID-карта билан таъминланди (98,5%). Давлат хизматлари тизими жорий этилгани натижасида хизматлар кўрсатиш улуши икки баробарга ошди.

Маҳалладан Олимпия чўққисигача олиб бораётган бу йўл нафақат спортни ривожлантириш, балки ёшларни тарбиялаш ва иқтидорли спортчилар захирасини шакллантиришда самарали механизм эканини кўрсатади.
Энг асосийси, спорт фақат ғолиблар учун эмас. У ҳар бир ёшга ирода, сабр ва руҳий барқарорлик берадиган ҳаётий мактабдир. Сирдарёлик болалар маҳаллалардаги кичик майдончадан тортиб, республика ва халқаро мусобақаларгача узоқ ва мағрур йўлни босиб ўтишда ушбу тарбия ва имкониятлардан фойдаланади. Ҳар бир медаль, ҳар бир машғулот, ҳар бир майдонча – ёшларнинг келажакка тайёргарлиги ва орзуларини рўёбга чиқаришда муҳим қадамдир.

Маҳалладан Олимпия чўққисигача олиб борилаётган бу йўл Сирдарёда спортни нафақат ғолиблик ва медаллар учун, балки ёшларнинг саломат, иқтидорли ва маънавий барқарор ривожланган шахслар сифатида ўсиши учун асосий омил эканини намоён этади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири