Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев бошчилигида барча секторлар раҳбарлари иштирокида Сирдарё туманидаги 2-сектор ҳудудида жойлашган Истиқбол маҳалла фуқаролар йиғинида Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида аҳоли муаммолари “Маҳаллабай” тизимида уйма-уй юриб ўрганилди.
Дастлаб туман марказида “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида “Ёшлар: 1+1 дастури” доирасида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш мақсадида ташкил этилган 2 ҳафталик ўқув-семинар ниҳояланиб, унда таҳсил олганлар учун бўлиб ўтган тест синовларини муваффақиятли якунлаганларга ўз йўналишлари бўйича сертификатлар топширилди.

Сертификатга эга бўлганлар “Ёшлар: 1+1 дастури” доирасида ҳар бир ёшга бир нафардан маҳаллий тадбиркорлар бириктирилди. Бундан ташқари, уларга тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит маблағлари ажратиладиган ва ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун замин яратиладиган бўлди.
Истиқбол МФЙда “Маҳаллабай” тизимида бўлиб ўтган тадбир давомида ҳам “Ёшлар: 1+1 дастури” доирасида ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ҳамда аёлларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан Истиқбол МФЙдаги 756 хонадонда яшовчи 4 минг 529 нафар фуқаро хатловдан ўтказилиб, 228 нафарида 310 та муаммо борлиги аниқланди. Уларнинг 18 нафари тиббий ёрдамга муҳтожлиги, 26 нафари қайта касбга ўқиши, 66 нафари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирганлиги ва уларга банк кредит маблағлари ажратилиши белгиланди, 81 нафар фуқаро эса иш билан таъминланиш истагини билдирган.

Шу билан бирга, 5 нафар фуқаро ногиронлар аравачаси сўраб, 6 нафари уй-жойини таъмирлаш масаласида ва 85 нафари бошқа масалаларда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган.
“Маҳаллабай” тизими жараёнида ишлаш истагини билдирган фуқароларнинг 24 нафарига туман аҳоли бандликкаа кўмаклашиш маркази томонидан “Сирдарё Мега-люкс” масъулияти чекланган жамиятига йўлланма берилган бўлса, 60 нафар ёш ва хотиин-қиз ўзини-ўзи банд қилиши истагида эканлигини маълум қилди.
Истиқбол маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 20 нафар аёл эса “Сирдарё барака чеварлари” МЧЖга шартнома асосида ишга жойлаштирилди.
Маҳаллада олиб борилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида мавсумий ишлар билан шуғулланувчи 60 нафар аёл Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ўзини-ўзи банд қилган.

“Аёллар дафтари”даги рўйхатда турувчи 3 нафарининг хонадонига 2 сотихдан иссиқхона ташкил этиш учун 22 миллион сўм Бандлик жамғармаси ҳисобидан субсидия ажратилди.
Ишчи гуруҳининг бир ой давомида амалга оширган тушунтириш ишлари натижасида ҳудудда қўшимча иккита нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб, 8 та янги иш ўрни яратилди. Мактаб ёшигача бўлган маҳалла болаларининг билим олиши учун муносиб шароит яратилди.
Шунингдек, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида маҳалланинг 10 нафар ёшларига “Микрокредит” акциядорлик тижорат банки Сирдарё туман филиали томонидан 330 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, янги қуриб битказилган маҳалла фуқаролар йиғини биносининг ёнидан ер майдони ажратилди.
Шу ҳудудда янгидан бунёд этилган маҳалла гузарида аёллар ва эркаклар сартарошхонаси, дорихона, “Бир зумда” емакхонаси, “Томорқачилик” ва банк хизматлари, қандолатчилик цехи ҳамда бошқа фаолият йўналишларида ҳам хизматлар йўлга қўйилди. Натижада маҳалланинг 25 нафар фуқароси иш билан банд бўлди.
Янгидан ташкил этилган “Шох барака омад текстил” МЧЖга қарашли тикувчилик цехига “Аёллар дафтари”га киритилган 20 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди, мазкур МЧЖ томонидан асаларичилик йўналишида қисқа муддатли ўқув курси ташкил этилиб, ушбу йўналишда ҳунар ўрганишни хоҳловчи фуқароларнинг рўйхати шакллантирилди.
Шу билан бирга, бу ҳудудда “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида 40 нафар ёшга маҳалла ҳудудидан 0,50 гектардан қишлоқ хўжалиги экинлари экиш учун ер майдони ажратилди ва уларнинг ҳам бандлиги таъминланди.
12 нафар ёшни тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиши учун 20 сотихдан ер майдони ажратиб берилди, ҳозирда бу майдонларда аллақачон қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Бундан ташқари, маҳаллада чуқурлаштирилган тиббий кўрик, психолог суҳбати ва ҳуқуқшунос маслаҳатлари ташкил қилиниб, аҳолига тиббий, руҳий ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Тадбир доирасида 17 нафар фуқаро туман тиббиёт бирлашмасида ва бир нафар фуқаронинг “Сирдарё” сиҳатгоҳида даволаниши таъминланди. Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан аёллар дафтарига киритилган 6 нафар оғир вазиятдаги ва 11 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг хонадонлари жами 51 миллион сўмга таъмирлаб берилди.
МФЙда янгидан барпо этилган спорт майдони тантанали равишда очилиб, ушбу маросимида параолимпиянинг енгил атлетика тури бўйича яқинда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилган “Гранпри мусобақаси”да биринчи ўринни эгаллаган сирдарёлик Наталия Семёновага вилоят ҳокимининг “Ташаккурнома”си ва қимматбаҳо совғаси топширилди.
Сўнгра шу спорт майдонида маҳалла ёшлари ўртасида волейбол бўйича мусобақа ўтказилиб, ғолиб ва совриндор жамоалар туман ҳокимлигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА