Вилоят маркази Гулистон шаҳрида Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш учун қурилган янги спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Мажмуанинг очилишида Сирдарё вилояти ҳокими, сенатор Акмалжон Маҳмудалиев, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, вилоят сектор раҳбарлари, мутасаддилар, кенг жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими А.Маҳмудалиев сўзга чиқиб, вилоятда яна бир спорт иншооти очилиши билан барчани муборакбод этди.
[gallery-12445]
– Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлод келажагига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, ҳукуматимиз томонидан спортга бўлган эътибор сабаб ёшлар жаҳон миқёсида ҳам юксак натижаларга эришмоқда. Биз Янги Сирдарё ёшларини бугунги замонавий спорт мажмуаларида спортнинг барча турларини пухта эгаллаб, келгусида халқаро мусобақаларда, чемпионатларда улкан ютуқларга эришиб, ғолиблик шоҳсупаларидан муносиб ўринлар олишига ишонаман, – деди вилоят ҳокими ўз нутқида.
Ушбу спорт мажмуасини бунёд этиш учун 7 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган бўлиб, энг замонавий спорт ва зарур анжомлар билан жиҳозланган.
Эндиликда бу ерда бир вақтнинг ўзида спортнинг бокс, дзюдо, кураш, белбоғли кураш, қиличбозлик, оғир атлетика ва стол тенниси тури билан 200 нафардан ортиқ ёшлар шуғулланиш имконига эга бўлди.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев, (суратлар) ЎзА.