Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда халқчил ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатмоқда
20:58 / 2023-04-12

Сирдарёдаги бугунги ривожланиш ва барқарор иқтисодий ўсиш ушбу заминда меҳнат қилаётган аҳолининг ва ишбилармон кишиларнинг саъй-ҳараткатлари билан янги босқичга кириб бормоқда.

Бунга биз давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 апрель куни вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий, инвестицивий ислоҳотлар самарасини кўриш, одамлар ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Сирдарёга ташрифи давомида яна бир бор амин бўлдик.

Шу куни давлатимиз раҳбари Сирдарё вилояти Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Қайд этилдики, “Инновацион ҳудудда ҳоким, вилоят, туман раҳбарлари аҳоли ва тадбиркорларга шароит яратиш бўйича ҳар куни янгиликка интилиши, дунёқараши ва ёндашувлари ўзгариши керак. Шунда одамларнинг онги, дунёқараши ўзгаради, инновацион ва ишбилармонлик муҳити шаклланади”.

Ташкил этилган “Инновацион ҳудуд”да Хитой Халқ Республикасининг саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт каби соҳалардаги ютуқлари ҳисобга олиниб, илм-фан, инновация, робототехника, муҳандислик, электротехника ва IT йўналишларидаги тажрибаси асосида фаолият юритиш бўйича таклифлар берилди. Таъсирчан чора-тадбирларда Хитойнинг Ўзбекистон учун транспорт-логистика соҳаларида энг яқин йирик бозорлардан бўлиши кўзда тутилгани таъкидланди.

Маълумотларга эътибор қаратсак, ўтган 6 йилда хитойлик инвесторлар ҳамкорлигида вилоятнинг учта туманида 60 дан ортиқ йирик саноат корхоналари иш бошлади. Биргина 2022 йилда 250 миллион доллардан зиёд Хитой инвестициялари ҳудудга киритилди ва бу умумий инвестиция улушининг деярли 90 фоизини ташкил қилади. Бу рақамлар остида жадал саноат ривожи ётибди дейиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, ўтган даврда вилоятда улкан бунёдкорлик ишлари, йирик ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинди. Бундай кенг кўламли саноат жадаллашуви одамлар турмуш фаровонлигини яхшилашда катта аҳамият касб этмоқда. Айниқса, саноат йўналишида ўнлаб йирик корхоналарнинг фойдаланишга топширилиши минглаб иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда. 

Бу каби ижобий ўзгаришларга Гулистон шаҳридаги “Omon Med Farm” корхонаси фаолиятини мисол сифатида келтириш мумкин. Айни кунда мазкур дори ишлаб чиқариш корхонасида маҳаллий доривор ўсимлик ва хомашёлардан йилига 2 миллион 400 минг қадоқ фармацевтика маҳсулотлари тайёрланаяпти. 

Ташриф доирасида бу корхона сафига “River Med farma”, “Yevroaziya gaz beton”, “Modern Marbel”, “Peng Sheng Charm”, “Toshkent siti gold blok” ва “Inter Treyding-group” масъулияти чекланган жамиятлари ҳам қўшилди. Уларнинг фаолияти натижасида вилоят товар айланмаси йилига умумий ҳисобда 37 миллиард сўмга кўпаяди, экспорти қарийб 30 миллион долларга ошади. Мазкур корхоналарда энди 600 га яқин иш ўрни ташкил қилинади. Янги ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари билан онлайн мулоқотлар бўлиб ўтди. Маълум қилиндики, биргина Сирдарё туманидаги “River Med farma”нинг ишга туширилиши йилига 42 миллион дона инфузион дори маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва 250 нафар инсонни доимий иш билан таъминлаш имконини беради. 

Айтиш ўринлики, Сирдарёда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган «Обод қишлоқ» дастури бугун юртимизнинг энг чекка ва олис ҳудудларигача етиб бормоқда. Аҳоли пунктларида барпо этилаётган замонавий уй-жойлар, таълим муассасалари, дам олиш масканларию қатор хизмат кўрсатиш шохобчаларининг янгича қиёфасида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

Хусусан, файзли Гулистон шаҳрининг янги қиёфаси «Buyuk kelajak» мавзесида ёрқин намоён бўлиб туради. Ўтган йилларда бу ерда намунали лойиҳа асосида 5 қаватли 8 та, яна 7 қаватли 420 хонадондан иборат 10 та уй-жой фойдаланишга топширилгани, янгича руҳдаги масканда янги бир авлод вояга етаётганини кўрсатади.

Вилоятда инсон қадрини ошириш учун яна юзлаб кўп қаватли уйлар ва спорт иншоотлари қуриш, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш борасида бунёдкорлик ишларини биз айтмасак ҳам ижтимоий тармоқлар орқали халқимиз кўриб-билиб турибди десак, тўғри бўлади. 

Ҳудудда ишлаб чиқариш саноати, қишлоқ хўжалиги ва аграр соҳа ривожланиш сари илгарилаб бормоқда. Шу боис мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги ислоҳотларида «Сирдарё тажрибаси» самарали жорий қилиб келинмоқда.

Хусусан, 2016-2022 йиллиарда вилоятда маҳаллий саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмлари қарийб 2 баробарга ошган. Вилоятга жалб қилинган сармоялар ҳажми 3,5 баробар, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эса 9 баробарга ўсган. 2026 йилдга қадар “Инсон қадри учун” тамойилига асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2 баробарга ошириш, фойдаланишдан чиққан ерларни ўзлаштириш, мелиорацияни яхшилаш, уруғчилик, балиқчилик, чорвачилик ва анор етиштиришни ривожлантириш орқали эришилиши прогноз қилинган. Вилоятда саноат равнақи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун имкониятлар кўп. Шунинг учун ҳар бир туманда “Лойиҳа гуруҳи” ташкил этилиб, «драйвер» соҳалардаги лойиҳалар молиялаштирилиши қайд этилган.

Ташриф давомида асосий эътибор мавжуд муаммоларни ҳал этиш, вилоятни барча соҳалар бўйича ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш масалаларига катта эътибор қаратилди. 

Умуман олганда, вилоятда 2026 йилга қадар энергетика, кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика ва бошқа тармоқларда 5 миллиард долларлик 2 мингта инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши мақсад қилинган. Бу лойиҳалар яқин келажакда 60 мингта доимий иш ўрни яратиш имконини беради. 

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг яна бир алоҳида жиҳати сифатида, вилоятда 1,5 мингдан зиёд уй-жой кам таъминланган оилаларга ажратилиб, уларга ипотека кредити бўйича 60 миллиард сўмлик субсидиялар берилиши бўйича дастурлар ижроси таъминлаб борилмоқда. Жумладан, оғир турмуш шароитида яшаётган 800 нафар аёлларга субсидия ажратиш, 450 нафарига бошланғич бадал пули тўлаб бериш ва 120 нафари бепул уй-жой билан таъмилаш каби инсон қадрини ошириш чора-тадбирлари ҳаётга босқичли қўлланилмоқда.

Шунингдек, Гулистон шаҳрининг эски деҳқон бозори ўрнидаги 42 гектар майдонда «Guliston city» барпо этилмоқда. Бу ерда 1 минг 700 хонадонли 16 қаватли турар жойлар, умумтаълим ва бизнес мактаблари, 2 та  мактабгача таълим муассасаси, замонавий клиника, маданият маркази ва меҳмонхона барпо этилишини илгари фақат орзу қилиш мумкин эди.

Бундан ташқари, вилоятда 2026 йилга қадар марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 82 фоиздан 90 фоизга, канализация қамрови 14 фоиздан 40 фоизга етказилади. Бунинг учун 1,8 триллион сўм эвазига 428 километр ичимлик суви ва 57 километр канализация тармоғи, 118 та сув ва 7 та канализация иншоотлари барпо этилади. Натижада, 65 минг нафар аҳоли илк бор сув билан таъминланади, 106 минг нафари аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.

Сирдарё вилояти «Обод маҳалла» дастурлари бўйича ҳам намунали дея айта оламиз. Шу боис мўлжал билан 110 та қишлоқ ва маҳаллада ободонлаштириш, ижтимоий объектлар, ички йўллар ва инфратузилмани таъмирлашга 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган. Кейинги уч йилда вилоятдаги 17 та қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш ва ривожлантиришга 10 миллион доллар йўналтирилган.

Вилоятда электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида, 2026 йилгача тузилган режа бўйича 5 минг километр паст ва юқори кучланишли тармоқларда 1 минг 100 та трансформаторни янгидан қуриш, реконструкция қилиш амалга оширилиб келинмоқда. Бу ишлар ҳисобига 420 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган масканлар обод қилинмоқда.

Яна бир жиҳат, Ўзбекистон аҳолисининг 2,5 фоизи Сирдарё вилоятида яшайди. Вилоят майдони эса мамлакатимиз ҳудудининг 1 фоизини ташкил этади. Лекин, аҳоли сони камлиги ва кичик майдонига қарамай, мазкур ҳудуд географик жойлашуви ва бир қатор устунликлари билан мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллай олган.

Иқтисодий таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2022 йил якунларига кўра вилоят иқтисодиёти асосий тармоқлари юқори ўсиш суръатларига эришди. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми 18,1 трлн. сўмни, ўсиш суръатлари 105 фоизни (9-ўрин), ЯҲМ таркибидаги қишлоқ, хўжалиги улуши 39,4 фоизни, саноат улуши 24,9 фоизни, қурилиш ишлари улуши 8 фоизни, хизматлар улуши 27,7 фоизни ташкил этди.

Таъкидлаш жоизки, халқ рози бўлиши давлатимиз раҳбарининг бош миссияларидан бири, ўтган даврда вилоятда аҳолини қийнаб келаётган Қамчиқ довонидаги транспорт оқими камайтирилди. Чунки қатнов йилдан-йилга ошиб бораётгани, бунинг учун янги, сифатли автобуслар харид қилиш, дастлаб синов тариқасида, кейин мунтазам қатнови йўлга қўйилди. 

Мазкур йўлнинг қайта тикланиши водий аҳолисининг Сирдарё ва Жиззахга келиб ишлаб, шу ерда истиқомат қилаётгани билан ҳам боғлиқлиги муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтсак, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, олиб бораётган ислоҳотларимизнинг самарадорлигини ошириш учун бугун бизга маърифатли бошқарув – илм-фан ва адолатли қонунларга асосланган, оқилона ва самарали бошқарув керак. Энди одамлар дардига бепарво бўлган, «айтганим-айтган, деганим-деган» қабилида ишлайдиган раҳбарларни халқ ҳам, ҳаёт ҳам қабул қилмайди. 

Дарҳақиқат, давлатимиз томонидан олиб борилаётган улкан халқчил ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Хусусан, вилоятда 2016 йилда таълим муассасаларининг сони 298 та бўлган бўлса (133861 нафар ўқувчига), 2021 йилда 318 мактаб бўлиб, уларда 157691 нафар ўқувчилар таълим олмоқдалар. Ўтган 6 йил давомида 20 та янги таълим муассасалари фойдаланишга топширилди.

Бундан 6 йил олдин вилоятда 10 фоиз мактаб битирувчилари ОТМга киргани қайд этилган бўлса, ўқув ўринлари яратилиши сабабли кейинги йилларда 40 ўқувчидан 30 таси, ўртача 70 фоизидан юқориси ўқишга кирмоқда, баъзан ундан ҳам юқори. Демак инсонларнинг дунёқараши, давлатга ишончи ортмоқда. 

Янги Ўзбекистон осмондан тушгани йўқ. Янги Ўзбекистонни ҳақиқий асосчиси давлатимиз раҳбари, сирдарёликлардек меҳнаткаш, интилувчан, ташаббускор, бунёдкор халқимиз яратмоқда.

Бугун вилоятда давлатимиз раҳбарининг пахтачилик тармоғини саноатлаштириш, соҳани кластер усулида бошқариш – бу мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтиришда ва халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга деган фикрлари ўз исботини топмоқда.

Президентимизнинг кластерлар қошида илмий марказ ташкил этиш бўйича кўрсатмаси Сирдарёда институционал марказ яратишга асос бўлди. Ҳозирда Марказ Пахта селекцияси, Тупроқшунослик, Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент аграр университети ҳамда Микробиология илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда ишлар жадал кетмоқда.

Марказ тадқиқотларида районлаштирилган 8 та пахта нави бўйича Инновация вазирлиги билан ҳамкорликда 46 та линия экилиб, тажрибалар ўтказилган. Бу эса янги навларни яратиш ва танлаб олиш имконини бермоқда. Жумладан, 3 та гидрометмарказни ишга тушган. Биомаҳсулотларни трактор ва дронлар ёрдамида тарқатиш йўлга қўйилган. Жараёнда 1000 гектарга яқин пахта майдонларида томчилатиб суғориш ишлари ташкил этилиб, 70 фоиз сувни тежашга эришилган. Натижада иқтисод қилинган сувдан ишчиларга қўшимча экин экиш имконияти яратилган. Бу ҳам, албатта, самарадор Сирдарё тажрибаси.

Ҳа, давлатимиз раҳбарининг «Ҳар бир амалий иш асосига илм-фан қўйилиши керак» деган фикрлари нақадар тўғри эканлигини бугун Сирдарё тажрибаларида кўриб турибмиз. Бундан 6 йил олдин, юқоридаги тадбирларсиз минг машаққат билан бир гектар майдондан 18-20 центнер пахта етиштирилган бўлса, ҳозир 35-40 центнерга олиб чиқилган.

Масалан, ҳудуддаги «Poli Teх Sirdaryo» пахта тўқимачилиги кластерига ўтган даврда 500 миллиард сўмга яқин инвестиция жалб қилинган. Натижада Германия, Хитой давлатлари билан ҳамкорликда энг замонавий логистика маркази, ёғ-мой корхонаси, фермер хўжаликларига хизмат қилувчи ёқилғи ва минерал ўғитлар базаси қурилиб ишга туширилган. Шу боис ҳуддудда нисбатан ишсизлик даражаси кам.

Ташрифда Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарёни саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт бўйича “Илғор инновациялар ҳудуди”га айлантириш зарур эканлигини қайд этди. 

“Инновацион ҳудудда ҳоким, вилоят, туман раҳбарлари аҳоли ва тадбиркорларга шароит яратиш бўйича ҳар куни янгиликка интилиши, дунёқараши ва ёндашувлари ўзгариши керак. Шунда одамларнинг онги, дунёқараши ўзгаради, инновацион ва ишбилармонлик муҳити шаклланади”, деди президент.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари Сирдарё аҳолиси фаровонлигини янада оширишга қаратилган йирик логистика, қурилиш, инветиция, илк тиббиёт кластери ташкил этиш орқали – Гулистон шаҳри мамлакатнинг “Инновацион медицина хаби”га айлантирилиши бўйича ташаббусни ҳаётга татбиқ қилишга тегишли топшириқлар берди.

Ўзбекистонга транспорт-логистика жиҳатдан энг яқин ва энг йирик давлат сифатида Хитой билан иқтисодий шерикчилик қилиш бўйича қарор қабул қилинди. Сирдарё Ўзбекистонни 4 давлат билан боғлайдиган йирик логистика хабига айлантирилиши, мазкур ташрифнинг нақадар халқчиллиги, самарали эканини англатади.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори