Қарор ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янада ривожлантиришнинг асосий вазифалари белгиланган эди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “IT Парк”нинг Сирдарё вилояти филиалида "Digital Academy" бренди остида IT академия ташкил қилинди.
IT академия Беларусь ва Туркия давлатлари билан алоқаларни йўлга қўйган бўлиб, ҳозир ушбу давлатларга 3D анимация ва видеолар экспортини амалга оширади.

Шунингдек, академия жорий йил охирига қадар 400 нафар, келгуси йилда 2000 нафар ёшни қамраб олишни режалаштирган.
Тадбир якунида академия раҳбарига “Coursera” платформасида 50 нафар ўқувчи ҳамда ходимларнинг пуллик курсларда бепул таълим олиши учун ваучер топширилди.
Қашқадарёда эса ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида ўтказилган “JOB FAIR” лойиҳаси ўз ниҳоясига етди.

IT Park Қашқадарё филиали фаоллари томонидан ахборот технологиялари соҳасида таълим олиб, иш топишда қийналаётган ёшларни IT Park резидентларидаги бўш иш ўринларига таклиф қилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркаси – “JOB FAIR” ўтказилди.
Ушбу лойиҳада 100 дан зиёд бўш иш ўрни билан резидент компаниялар иштирок этишди.
Лойиҳада вилоятдаги мутахассислар томонидан тренинг ташкил этилиб, унда фаол иштирок этган иштирокчилар совғалар билан тақдирланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА мухбири