Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда узум данагидан мой олинмоқда
10:41 / 2022-11-13

Сирдарё вилоятидаги “Bunyod gold” корхонасида узум данагидан мой олинмоқда. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 2,7 миллиард сўм. Шундан 1,6 миллиард сўми Инновацион ривожланиш вазирлигининг гранти ҳисобланади.

Янги корхона олдин Ўзбекистонда деярли фойдаланилмайдиган вино заводлари чиқиндиси - узум данакларидан хом-ашё сифатида фойдаланади.

– Республикада йилига 5000 тоннагача узум данагидан самарасиз фойдаланиб келинар эди. Ушбу завод ишга тушиши натижасида ундан йилига 50 тоннага яқин узум ёғи олинмоқда. Бу иқтисодиётга ҳам,тадбиркорга ҳам катта фойда келтиради, – дейди корхона директори Шокир Яриев.

Заводда 8 нафар мутахассис ишлайди. Корхона йилига 50 тоннага яқин тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда узум ёғи “совуқ сиқиш” усулида ишлаб чиқарилади. Бунда узум данаклари дастлаб қуритилади ва майдаланади, шундан сўнг эса юқори босим остида сиқиб мой олинади.

Айни дамда Ўзбекистон ички бозорида узум данагидан олинган ёғ учун талаб у қадар юқори бўлмасада, хорижда ушбу мойнинг 1 литри 5 доллардан 25 долларгача сотилади. Узум мойига Россия ва Туркиянинг косметология корхоналари қизиқиш билдирмоқда. Уларга ишлаб чиқарилган ёғдан намуналар юборилган. Қатъий техник регламент асосида иш режаси тақсимланган. Маҳсулотни хориждаги косметика ишлаб чиқарадиган заводларга хомашё сифатида экспорт қилиш режалаштирилган.  

Корхона мутахассисининг таъкидлашича, келгусида ёғ олишдан қолган қолдиқларни қайтадан ишлов бериб, ун яратиш технологияси устида ишланади. Нон маҳсулотларига узум данагининг уни қўшилади, бу ўша маҳсулотнинг узоқ муддат сифати бузилмаслигини таъминлайди.

Узум данаги ёғи косметика саноатида, шунингдек, тиббиёт ва пазандачиликда кенг қўлланилади. Мисол учун, Россияда узум данаги ёғидан 100 дан ортиқ турдаги косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Булар турли хил кремлар, пилинг ва юз маскалари, юз ва тана фитнес массажи учун мойлар ва бошқалардир. Узум данаги кукуни эса табиий совун ва шампун ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Узум данаги ёғи фармакологияда, жумладан, атеросклероз, тромбоз, гипертония, ишемик касалликлар, инсульт ва инфарктни даволаш, варикоз, ретинопатия, геморрой ва бошқа касалликларни даволашда ҳам кенг қўлланилади.

Ш. Суяров, ЎзА.