Сирдарёда янги ўқув йили ҳамда Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида IV Устозлар миллий форуми бўлиб ўтди. Видеоконференция шаклида ташкил этилган йиғилишда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, ҳудудий таълим раҳбарлари, мактаб директорлари, ўқитувчилар ва соҳа ходимлари иштирок этишди.
Залда ва студияларда кечган муҳокамалар шуни кўрсатдики: таълим – бу нафақат синф ва дарс, балки бутун жамиятнинг келажаги, миллатнинг таянчи.
[gallery-25013]
– Устоз ва мураббийнинг обрўсини юксалтирмасак, ҳаракатларимиз самарасиз бўлади. Чунки муаллим қалбга нур, меҳр ва илм солади, – деди вилоят раҳбари. – Бугун Сирдарёда 163 мингдан зиёд ўқувчига 13 мингдан ортиқ устозлар таълим беришмоқда. Халқаро олимпиадаларда совриндор бўлаётган, Чикаго университетида грант асосида ўқиётган фарзандларимиз – устозлар заҳматларининг самараси.
Сўнгги йилларда таълим инфратузилмасига катта сармоя йўналтирилмоқда. Фақат шу йилнинг ўзида 116 та таълим муассасасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Сардобанинг Қуйитош маҳалласида қурилаётган 330 ўринли мактаб ёшлар учун яқин орада янги имкониятлар эшигини очади. 35 йилдан бери боғчасиз қолган “Аҳиллик” маҳалласида эса янги боғчанинг ишга туширилиши эса ота-оналар ва болалар орзусини рўёбга чиқарди.
Шу билан бирга, 2025 йилда вилоят ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида 11 та совринли ўринни қўлга киритди. Ширин шаҳридаги 2-мактаб жамоси хорижий тилларни ўқитиш бўйича республика танловида учинчи ўринни эгаллаб, Лондонга йўлланма билан тақдирланди.
Анжуманда таълим сифатини ошириш ва устозлар нуфузини юксалтиришга қаратилган қатор вазифалар белгиланди.
Қувонарлиси, 1 700 нафар ўқитувчи малака ошириш курсларига юборилади, Педагогика маҳорат маркази янги бинога кўчирилади, ҳар бир мактаб раҳбари фаолияти аниқ кўрсаткичлар асосида баҳоланади. Шунингдек, 55 нафар устоз Туркия ва Озарбайжонда стажировка ўтайди, ҳар бир туманда STEAM лабораториялари очилади.
Мактабларга компьютер ва интерактив доскалар етказилади, кутубхонаси йўқ муассасаларда замонавий кутубхоналар барпо этилади, 75 нафар директор менежерлик курсларида ўқитилади.
– Мақсадимиз – фарзандларимизни замонавий билим билан қуроллантириш, устозларимизга муносиб шароит яратиш, – деди вилоят раҳбари.
Форумда ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам тилга олинди. Масалан, ўтган ўқув йилида 5 та мактаб битирувчилари олий таълим муассасасига кира олмаган. Бу ҳолат "алоҳида таҳлил ва қатъий чоралар талаб қилади" дея таъкидланди.
– Устозлар форуми биз учун на фақат ҳисобот майдони, балки янги мақсадларни белгилаш ва долзарб муаммоларга ечим топиш имконияти ҳам бўлди, – деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева. – Энг асосийси, ҳар бир мактабда таълим сифатига таъсир қиладиган омиллар чуқур таҳлил қилинади. Айниқса, битирувчилари олий таълимга кира олмаган мактаблар кескин назоратга олинади. Бу борада алоҳида “йўл харитаси” ишлаб чиқилади. Жумладан, ўша мактабларда ўқув дастурлари қайта кўриб чиқилади, фанлар бўйича қўшимча дарслар жорий этилади, тажрибали устозлар жалб қилинади.
Шунингдек, келгуси икки йилда 500 нафар ўқитувчини хорижга стажировкага юбориш, барча мактабларда рақамли журнал ва электрон платформаларни жорий этиш, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун онлайн қўллаб-қувватлаш дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилгани таъкидланди.
– Бу чоралар орқали биз таълим сифатини ошириш билан бирга, устозларнинг нуфузини ҳам юксалтиришни мақсад қилганмиз. Чунки билимли, замонавий дунёқарашга эга авлод – эртанги юртимизнинг асосий қуввати, – деди Наргиза Холбоева.
Йиғилиш якунида таълим соҳаси ривожига ҳисса қўшаётган, ўз меҳнати билан шогирдлар қалбида нур ёққан фидойи устозлар вилоят ҳокимининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов,
Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат) ЎзА мухбирлари