Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда “Ученик года” танлови ўтказилди
20:16 / 2021-05-21

Сирдарё вилоятида таълим-тарбия ўзбек тилида ўтиладиган умумий ўрта таълим мактабларининг 9-, 10- ва 11-синфлари ўқувчилари ўртасида рус тилида “Ученик года” кўрик-танлови ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида, таълим муассасаларида хорижий тилларнинг ўқитилиши, жумладан, рус тили фанининг ўқитилишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги тўғрисидаги ва жорий йилнинг 6 май куни Президентимиз раҳбарлигида, чет тилларни ўқитиш сифатини ошириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ўзбек тилида сабоқ олаётган ўқувчилар ўртасида мазкур танлов ташкил этилди.

– Сирдарё вилоят халқ таълими бошкармасининг ташаббуси билан ўтказилган ушбу танловда мактаб, туман ва шаҳарларида ғолибликни қўлга киритган 40 нафарга яқин иқтидорли ўқувчи-ёш иштирок этди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Олимжон Баратов. 

– Ушбу кўрик-танловни ўтказишдан кўзланган мақсад, ёш иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, фарзандларимизни рус тилига бўлган қизиқишларини янада ошириш, уларни рус тилида оғзаки нутқини ўстириш, ғолибларни рағбатлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бундан ташқари, умумий ўрта таълим мактабларда танловда ўқувчилари ғолибликни қўлга киритган устоз-муаллимларининг шогирдларига сабоқ бериш услубини кенг оммалаштиришдан иборат.

Шунингдек, бу каби танловларни бошқа хорижий тиллар бўйича ҳам ўтказишни режалаштирганмиз.

[gallery-2495]

Кўрик-танловнинг якуний натижаларига кўра, 11-синф ўқувчилари ўртасида ғолиблик Оқолтин туманидаги 8-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Ильсия Кабеновага насиб этди. 2-ўрин эса Гулистон шаҳридан Беҳруз Аҳмадалиевга, 3-ўрин ховослик Рухшона Маликова ҳамда Боёвут туманидан Ойдиной Ёқибжоновага насиб этди.

10-синф ўқувчилари ўртасида оқолтинлик Мадина Махрожовага тенг келадиган рақиб топилмади. 2 ва 3-ўринларни Сайхунобод туманидан Умида Тўхтамишева ҳамда сардобалик Виолетта Давидова эгаллади.

9-синфда таҳсил олувчи ўқувчилар баҳсида Оқолтин туманидан Тахмина Деҳқанова ғолиб деб топилган бўлса, 2-ўрин Янгиер шаҳридан Диёра Анваровага, 3- ўрин эса Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи Диёра Нарзуллаевага насиб этди.

Ушбу кўрик танловда Оқолтин туманидаги 8-сонли умумтаълим мактабининг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Назибе Нигматуллинанинг 3 нафар ўқувчиси биринчи ўринни қўлга киритди.

Кўрик-танловнинг барча ғолиб ва совриндорлари вилоят халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бундан ташқари, халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг депутати Шуҳрат Эргашевнинг ҳомийлигида танловда 1-, 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган ўқувчилар учун 1 кунлик Тошкент шаҳрига бепул саёҳат ташкил этиладиган бўлди.

А.Қаюмов, Ф.Тошматов, ЎзА