Сирдарё вилоятида транспорт соҳасида рақамлаштириш ва назорат ишлари кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Автомобиль йўллари бош бошқармасининг мажлислар залида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Анжуманда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этишди.
Тадбирда инспекция Ахборот хизмати раҳбари Фирдавс Хайриддинов, Автомобиль ва сув транспортида назорат ҳудудий бўлими бошлиғи Аҳмад Соатов ҳамда Йўл қурилиш ишларини назорат қилиш бўлими бошлиғи Ихтиёр Темиров соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва янги лойиҳалар ҳақида маълумот беришди.
Сўнгги йилларда инспекция фаолиятида рақамли технологияларни жорий этиш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Коррупция омилларини чеклаш, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш мақсадида тўртта замонавий ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилган.
Жумладан, “Йўл сифат назорати” тизими орқали 2024–2025 йилларда 4 056 та объект ва 47 та буюртмачи рўйхатдан ўтказилиб, 1 586 та текширув натижалари базага киритилди. “Темир йўл таркиби ва инфратузилмаси объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш” тизими орқали эса тадбиркорларга онлайн хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Шу кунга қадар унга 8 292 та ариза келиб тушгани маълум қилинди.
“Хавфни таҳлил қилиш” тизимига 2 756 та тадбиркорлик субъекти ҳақида маълумот киритилиб, улар хавф даражасига кўра сараланмоқда. “Дарё транспортини давлат рўйхатидан ва техник кўрикдан ўтказиш” тизими ҳозирча синов тариқасида ишламоқда.
Инспекторлар иш самарадорлигини ошириш мақсадида 240 та янги авлод планшетлари харид қилингани ҳам қайд этилди. Бу орқали маъмурий баённомалар электрон шаклда расмийлаштирилмоқда.
Жорий йилнинг январь–август ойларида Транспорт назорати инспекциясининг Сирдарё вилояти Автомобиль ва сув транспортида назорат ҳудудий бўлими томонидан 600 та рейд ўтказилиб, 3 758 та маъмурий баённома тузилган. Йўловчи ва юк ташиш хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчилар ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида 98 та профилактик тадбир амалга оширилган.
Шунингдек, ИИБ ЙҲХБ ва Автомобиль йўллари бош бошқармаси билан ҳамкорликда оғир вазнли ва катта ҳажмли юк ташиш воситалари устидан рейдлар ўтказилган. Текширувлар давомида 909 та транспорт воситаси кўрикдан ўтказилиб, 522 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган.
Йўл қурилиши сифатини назорат қилиш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг саккиз ойида 135 та назорат тадбири ўтказилиб, 163 та қоидабузарлик ҳолати қайд этилган. Натижада 98 та кўрсатма, 35 та тақдимнома ва 12 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Сифатсиз бажарилган ишлар учун буюртмачи корхоналарга 863,8 миллион сўмлик талабнома киритилган.
[gallery-25422]
Матбуот анжумани доирасида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Унда инспекция ходимлари транспорт воситалари ва йўл қурилиши жараёнлари устидан амалга оширилаётган назорат ишларини намойиш этишди.
Таъкидланишича, рақамли тизимларни жорий этиш соҳада шаффофликни таъминлаш, коррупция омилларини чеклаш ва назорат самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири