Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги барча даволаш профилактика муассасаларида, маҳалла ва ташкилотларда ўн кунлик "Тоза қўллар ва тўғри нафас олиш" акциясига старт берилди.
Акция даволаш профилактика муассасаларида даволанаётган ёки бир марталик текширувга келган фуқаролар ўртасида ўтказилади. Уни ўтказишда ёшлар, кекса ёшли фуқаролар, спортчилар, ибратли оила вакиллари, волонтёрлар жалб этилади ва масофа сақлаган ҳолда истироҳат боғлари, супермаркет ва бозорларда олиб борилади.
Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказининг Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими ходимлари ташаббуси билан Гулистон шаҳрининг "Бўстон" маҳалла фуқаролар йиғинида, Сўнгра Гулистон туманининг "Бешбулоқ", Ширин шаҳрининг "Фарҳод" маҳалла фуқаролар йиғинида ва Боёвут туманида маҳорат дарси ўтказилди.
– Бу акцияни ўтказишдан мақсад, аҳоли орасида кун сайин кўпайиб бораётган коронавирус инфекцияси билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш, профилактика қилишдир, – дейди Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказининг Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Тожихон Ғофарова. – Акция доирасида, аҳолини антропометрик кўрсаткичлари қайта ўлчаб чиқилади. Шундан сўнг "Соғлом" ва "Таянч" гуруҳларга ажратилиб маҳалла йиғинларида ташкил этилган тиббий бригадалар томонидан "Соғлом ҳаёт" дастури доирасида "Саломатлик мактаби", "Эъзозли аёллар", "Нуронийлар” клуби, вазни 100 килограммдан юқори бўлган фуқаро ва аёллар учун "Чиройли қоматлар" клуби ташкил этилиб, ҳар бир клуб аъзоларига маҳаллаларда ташкил этиладиган соғлом овқатланиш бурчагида соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш қоидалари бўйича маҳорат дарслари ташкил этилади. Фитобар ҳам ташкил этилиб, унда мутахассислар аҳолига доривор гиёҳлардан қандай тартибда фойдаланиш, ундан дамлама тайёрлаш сир-синоати, саломатлик майдончаларида тонги бадантарбия, жисмоний фаолликка ундовчи машқларни бажариш бўйича ўз маслаҳат ва тавсияларини бериб боради.
Бир сўз билан айтганда "Тоза қуллар" акцияси нафақат инсонни соғлом ва тетик бўлишида, ҳозирги коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда, касалликларни профилактика қилишда, соғлом турмуш тарзи асосини ташкил қилган соғлом овқатланиш, жисмоний фаолликка ундовчи чора-тадбирларни тарғиб қилишда жуда муҳим. Акция вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳридаги олис ва чекка ҳудудларида ҳам ўтказилиб, унга аҳолининг барча қатлами жалб этилади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА