Мамлакатимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳолини табиат билан яқинлаштириш мақсадида амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туман ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Миллий Гвардиясининг Ихтисослаштирилган ўқув марказида “Барчамиз биргаликда – яшил тараққиёт учун” шиори остида кенг қамровли экологик ва илмий-амалий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик Партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев, унинг ҳудудий бўлими вакиллари, экофаоллар, Миллий гвардия офицерлари ва сержантлари, курсантлар, маҳаллий аҳоли, нуронийлар ва фаол ёшлар иштирок этишди.

Тадбирнинг марказий қисми — “Тинчлик боғи”ни барпо этиш ва унга 5 000 туп дарахт кўчатлари экиш бўлди. Экилган дарахтлар турлари маҳаллий иқлим шароитига мослаб танланган бўлиб, уларни қиш фаслида асраш ва парваришлаш бўйича иштирокчиларга амалий тавсиялар берилди. Ҳар бир иштирокчи кўчат экиш жараёнида ўз ҳиссасини қўшди, бу эса тадбирнинг ижтимоий ва экологик аҳамиятини янада оширди.

Шунингдек, ёшлар учун электрон ўқ отиш тренажёрида амалий машғулотлар ташкил этилди. Машғулотларда замонавий тренажёрлар орқали қурол билан муомала қилиш, хавфсизлик қоидалари ва амалий кўникмаларни ўргатишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу жараён ёшлар учун фақат ҳарбий тайёргарлик эмас, балки масъулият, диққат ва чуқур фикрлаш салоҳиятини ривожлантириш имконини ҳам берди.

Тадбирнинг яна бир диққатга сазовор қисми — учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) намойиши бўлиб, иштирокчилар дронлар ёрдамида экологик ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва мониторинг қилиш имкониятлари билан яқиндан танишдилар. Бу технологиялар орқали ноқонуний чиқинди ташлаш, дарахт кесиш ва сув объектларидаги қонунбузарликларни аниқлаш каби ҳолатлар тез ва самарали тарзда фуқаролик назоратида бўлиши мумкинлиги таъкидланди.

Шунингдек, “Рангларда табиат тасвири” мавзусидаги расмлар кўргазмаси ҳам ўтказилди. Ёш рассомлар табиатнинг гўзал манзаралари ва экологик муаммоларни бадиий услубда акс эттириб, иштирокчиларни атроф-муҳитни асрашга чорлади. Кўргазмадаги ҳар бир асарда табиатнинг аҳамияти ва уни муҳофаза қилиш зарурати визуал восита орқали намоён бўлди.

Тадбир якунида фаол иштирокчилар Миллий гвардия ва Экологик партия вакиллари томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири