Янги йил арафасида Сирдарё вилоят ҳокимлиги ва прокуратураси ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” фонди ҳисобидан шаҳар ва туман ҳудудларида яшовчи “Темир дафтар” рўйхатига киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож 3 мингдан ортиқ оилага 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар тўплами тайёрланиб, ҳар бир хонадонга уйма-уй кирилиб, байрам совғалари тарқатилмоқда.
Бутун дунё халқлари нишонлаётган Янги йил кириб келишига саноқли кунлар қолди. Турли байрам, ҳайитлар арафасида етим-есир, бева-бечора, камбағал ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш, уларга меҳр, мурувват, саховат кўрсатиш, халқимизнинг азалий анъаналаридандир. Бутун республикамизда бўлгани каби ана шундай савоб иш Сирдарё вилоятида ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда.
– Ҳадису шарифларимизда, кимки бир муҳтожнинг кўнглини шод этса, Кабани обод қилгандан каттароқ савоб олади, дея таъкидланган, – дейди Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари И.Мўминов. – Янги йил байрами арафасида эҳтиёжманд камбағал оилаларга бориб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, совға-салом улашиш ҳам хайрли иш.
Ушу 8 турдаги янги йил совғаси тўплами таркибида – 5 килограмм ун, 10 кило гуруч, 5 литр ўсимлик ёғи, 5 кило шакар, 10 килограмм макарон, 1 та атир ва 2 та хўжалик совуни, озиқ-овқат ва хўжалик маҳсулотлари, 10 турдаги эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечаклар тўплами тайёрланди.
Сирдарё вилоятида бугундан бошлаб шу хайрли ишга киришилди.
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА