French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда “Ташаббус-2021” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди
12:15 / 2021-06-08

Гулистон шаҳрида “Ташаббус-2021” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг вилоят бўлими, вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари, барча секторлар, “Тадбиркор аёл” ассоциацияси, мутасадди ташкилотлар, сиёсий партиялар раҳбарлари, нуронийлар, меҳнат фахрийлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлар, фермерлар, ҳунармандлар иштирок этди.

Унда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, фаровон турмушни таъминлашда муҳим ўрин тутаётган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири экани қайд этилди. Зотан, юртимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулайлик яратиш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ тартиб-таомилларнинг турлари ва сонини қисқартириш, соддалаштириш ҳамда очиқ-ойдинлик даражасини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Президент соврини учун тадбиркорлар, фермерлар, ҳунармандлар ўртасида ўтказилаётган “Ташаббус-2021” кўрик танлови ҳам айни эътиборнинг далилидир.

Мазкур танловнинг туман, шаҳарлар босқичлари онлайн тарзда жорий йилнинг 1-4 июнь кунлари бўлиб ўтди. Унда 650 нафарга яқин тадбиркорлик субъектлари иштирок этиб, улардан 52 нафари ғолиб бўлиб, вилоят босқичига етиб келган.

Танловда “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши фермери” ҳамда “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” каби асосий номинациялар жорий қилинган.

– Ютуқлар мамлакатимиз иқтисодиётини тубдан таркибий ўзгартириш, қисқа муддатда янги тармоқларни барпо этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, замонавий бозор инфратузилмасини шакллантириш борасида ўз вақтида бошланган ва узоқ истиқболга мўлжалланган ишлар натижасидир, – дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Каримов. – Ушбу муваффақиятларда тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида анъанавий ўтказиб келинаётган кўрик-танловнинг ҳам ўрни бор.

– Изчил ислоҳотлар натижасида республикамизнинг барча вилоятлари қаторида Сирдарёда ҳам кўплаб инвестицион лойиҳалар амалга оширилиб, кичик ва ўрта бизнес вакиллари ортиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Мамажанов. – Улар орасида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқараётганлари ҳам талайгина. Бу танловда улар жам бўлган ва куч синашмоқда. Тадбирга катта тайёргарлик кўрилди.

[gallery-2702]

– Ўтган 2020 йилда пандемия туфайли танлов ўтказилмай қолганди, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Мансур Шербеков. – Бу йил ушбу тадбир яна ўтказилишига эришдик. Вилоят босқичининг якуний натижалари барчамиз учун муҳим. Ушбу босқичгача етиб келишнинг ўзи катта гап.

Якуний хулосаларга кўра, ушбу кўрик-танловда “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” – “MISS MILEDI” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Наргизахон Маллабоева, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” – “SIRDARYO DARMON SERVIS” МЧЖ раҳбари Ботир Абдураҳмонов, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” – “OQOLTIN SPORT LEVEL” ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Ёрбек Мавлонов, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” – ЯТТ "QOSIMOV ELBEK" раҳбари Элбек Қосимов, “Йилнинг энг яхши фермери” – "BURGUT" фермер хўжалиги раҳбари Илёс Алибеков, деб топилди.

Бундан ташқари, қўшимча номинациялар бўйича, “Энг яхши тадбиркор аёл” йўналиши TIKUV MARKAZI KAMILA" НТМ раҳбари Жамила Анарқулова, “Энг яхши инновацион лойиҳа” номинацияси “DEXQONOBOD ASL ANORI" ИЧК бошлиғи Исроил Неъматов, “Энг яхши экспортчи” "XOVOS SHIRINLIKLARI BEST" МЧЖ раиси Халим Мўминов, “Йилнинг энг яхши маҳсулоти” бўйича "SAYXUN BUNYODKOR QURILISH" хусусий корхонаси раҳбари Улуғбек Ниязов, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби” бўйича ЯТТ "QAHHARBOEVA SHOHIDA SHOPOLAT QIZI” раҳбари Шоҳида Қаҳҳорбоева, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор” йўналиши "BETON SANOAT" МЧЖ раиси Жамшид Кенжаев, “Энг яхши миллий бренд” номинацияси "NEW LEWEL SHOES" О/К бошлиғи Ёрбек Мавлонов, “Энг яхши кўргазма намойиши учун” йўналиши "SATTORQUL OTA MURRUVATI

" ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Жаҳонгир Исломов, “Энг яхши инвестицион лойиҳа” номинацияси бўйича "QORABEKOVLAR BIRLIGI" МЧЖ раиси Ихмат Қорабеков ва фаол иштироки учун марғилонлик ҳунармандларга насиб этди.

Маълумот учун, “Ташаббус-2021” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари жорий йилнинг 14-15 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган кўрик-танловнинг якуний босқичида иштирок этади.  

А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА