Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёш ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, шу орқали камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг доимий даромад манбаларга эгалигини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг август ойида давлатимиз раҳбарининг тадбиркор ва ишбилармонлар билан учрашуви белгиланган. Шу муносабат билан вилоят ҳокими, сенатор Ғофуржон Мирзаев тадбиркор ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шарт-шароит яратиб бериш, муаммоларини ўрганиб, қонуний ҳал этиш бўйича мулоқотлар ўтказилмоқда.
Вилоят ҳокими билан бўлиб ўтган навбатдаги мулоқот чоғида юз нафарга яқин тадбиркор ва ишбилармон иштирок этди. Шунингдек, анжуманда ташкилот, муассасалар раҳбарлари ҳам қатнашди.
Унда таклиф ва муаммолар ўртага ташланди.

– Мамлакатимизда, хусусан, вилоятда ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг қамровли ишлар олиб борилаяпти, – деди Ғофуржон Мирзаев. – Қаерда очиқлик ва шаффофлик бўлса, ўша жойда мавжуд муаммоларни бартараф этишга замин яратилади. Соҳадаги ютуқлар билан бир қаторда камчиликларни ҳам билиб олдик. Давлатимиз раҳбари томонидан кейинги йилларда тадбиркорлик йўналишда 50 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги ва мавжуд қонунчиликка кўплаб ўзгартиришлар киритилганлиги бу тизим ривожида дастуриламал бўлмоқда.
Жорий йилнинг 6 ойлик якунлари бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 141 фоизга, хизмат кўрсатиш 124,9 фоизга ўсишига эришилди.
Ўтган вақт давомида 7,3 трлн. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди ва 322 та лойиҳа ишга туширилиб 3739 та янги иш ўрни яратилди ва 108,6 млн. АҚШ доллар (шундан, саноат маҳсулотлари 92,8 млн. АҚШ доллар, мева-сабзавот маҳсулотлари 15,9 млн. АҚШ доллар) миқдорида экспорт амалга оширилди.
Эътиборли жиҳати, тадбиркорликка рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилиб, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишлар кескин қисқартирилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов видеоконференция орқали уланиб, тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглади. Улар кўтарган муаммолар ечими юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА