Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда спорт синовларига старт берилди
14:27 / 2025-10-09

Сирдарё вилоятида 30 ёшдан 70 ёшгача ва ундан катта ёшдаги фуқаролар ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини қабул қилиш жараёнига рамзий старт берилди. Лойиҳа аҳолини мунтазам жисмоний фаолликка жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва турли авлод вакиллари ўртасида спортни ривожлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Ховос тумани 1-сонли спорт мактабида бўлиб ўтган очилиш маросимида вилоятнинг турли маҳаллаларида истиқомат қилаётган фуқаролар, маҳалла тизими ходимлари, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этди. Улар дастлаб оммавий бадантарбия машқларида қатнашиб, руҳий ва жисмоний тайёргарлигини намойиш этдилар. Кейин эса ўз қобилиятларини турли спорт синовларида синаб кўрдилар.

Тадбир иштирокчилари ва мутахассислар таъкидлашича, бундай синовлар нафақат жисмоний қувватни оширади, балки аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзига қизиқишни кучайтиради ва турли авлодларни спорт атрофида бирлаштиришга хизмат қилади. Мунтазам жисмоний машқлар соғлиқни мустаҳкамлаш, фаол ҳаёт тарзини шакллантириш ва ҳудудларда спорт инфратузилмасини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

– Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари жамиятимизда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган муҳим лойиҳадир, – дейди Сирдарё вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов. –  Унинг асосий мақсади – ҳар бир фуқарони ёшидан қатъи назар, жисмоний фаолликка жалб қилиш, уларда спортга қизиқиш уйғотиш ва саломатлик учун масъулият ҳиссини кучайтиришдир. Бундай тадбирлар орқали спорт нафақат куч ва чидамлилик рамзи, балки жамият бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги омили сифатида ҳам намоён бўлади.

Сирдарёда старт олган спорт синовлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида босқичма-босқич ўтказилиб, кенг аҳолини қамраб олиши кўзда тутилган.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири