Оқолтинлик Арофатхон Байдуллаеванинг оиласи ҳам “Аёллар дафтари”га киритилган эди.
– Олдинига бироз хижолат бўлганман, – дейди А.Байдуллаева. – Соғлом бўлсам. Бирозгина омад келмаётгани, ишим юришиб кетмаётганини айтмаса, қора қозон қайнаб турганди. Қандай қилиб қўшимча даромад топсам, рўзғордаги муаммоларни бартараф этсам, деб ўйлардим. Президентимиз ташаббуси билан, мен сингари аёллар учун “Аёллар дафтари” жорий этилди. Бу эса менга, мен сингари аёлларга имконият бўлди.
Яқинда А.Байдуллаева туман ҳокимлиги ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, фонднинг Оқолтин туман бўлими қошида очилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси ёрдами билан водийга саёҳатга бориб келди. У билан тумандаги “Аёллар дафтари”га тушган аёлларнинг 160 нафари бирга эди.
– Бу мен учун, мен сингари аёллар учун унутилмас хотираларга бой саёҳат бўлди, – дейди Арофатхон опа. – Қолаверса, ҳаётимда туб бурилиш ясади. Тўғриси, водийликлар ҳунарманд бўлади, дейишар эди. Бориб кўргач, ишондим. Саёҳат давомида улар билан учрашдим, суҳбатлашдим. Ҳунар сирлари билан танишдим. Режалар туздим. Уйга қайтиб, турмуш ўртоғим ва фарзандларим билан маслаҳатлашиб, тадбиркорлик йўналишида ишни бошлаш учун туман ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқаларнинг ёрдами билан имтиёзли кредит олдим.
Ҳозир Арофатхон Байдуллаева “Аёллар дафтари” рўйхатидан чиққан. У ўз уйида бир-биридан бежирим болалар мактаб формаси, келин сарполарини тикиб ички бозорга чиқаряпти. У ишлаб чиқарган маҳсулотлар харидоргир. Шунга яраша даромад топиб, рўзғори ками-кўстини тўлдиряпти.
Сирдарёда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди унинг “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан амалга оширилаётган бундай хайрли лойиҳалар бугун ўз самарасини беряпти. Аёллар ўз йўлини топиб, ўз-ўзини иш билан банд қиляпти.
Шуҳрат Суяров, ЎзА