Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда саноат жадал ривожланмоқда
17:10 / 2026-01-21

Мамлакатимизда инвестиция фаолиятини рағбатлантириш, ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация қилиш ва ҳудудларни барқарор иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Бу жараёнларда Сирдарё вилояти саноатлашув суръатлари, инвестиция лойиҳаларининг кўлами ва мазмуни билан алоҳида ажралиб турибди.

Сўнгги йилларда вилоятда қулай инвестиция муҳитини шакллантириш, тадбиркорлар ва хорижий сармоядорлар учун очиқ, шаффоф ва ишончли шароитлар яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада ҳудуд иқтисодиётида таркибий ўзгаришлар юз бериб, саноат тармоқлари иқтисодий ўсишнинг асосий локомотивига айланмоқда.

–  Хусусан, Янгиер шаҳри бугунги кунда Сирдарё вилоятининг энг инвестицион жозибадор ҳудудларидан бири сифатида шаклланди, –  дейди Янгиер шаҳар ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Элёр Ўнаров. –  Айни пайтда шаҳарда озиқ-овқат, тўқимачилик, мебелсозлик, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳалари жадал ривожланмоқда.

Ҳозирги кунда Янгиер шаҳрида 150 дан ортиқ саноат корхонаси фаолият юритиб, 2025 йилда 2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ушбу ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг 50 фоизи ташқи бозорга, яъни экспортга йўналтирилди. Бундан ташқари, 220 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан қарийб икки баробарга ошган.

Айниқса, хорижий сармоя иштирокидаги қўшма корхоналар сонининг ортиши ҳудуд саноат салоҳиятининг мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Янгиер шаҳрида хитойлик инвесторлар иштирокида бир неча йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улардан бири — қиймати 45 миллион доллар, 50 гектар майдонда барпо этилаётган пахта хом ашёсини қайта ишлаш ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш мажмуаси.

–  Корхонада асосан маҳаллий ишчилар меҳнат қилмоқда, ҳозирда улар сони 70 нафарга етди, — дейди корхона директори Zhang Zhan Wei. –  Ускуналар Хитойдан олиб келинган ва барчаси энергия тежамкор технологиялар асосида ишлайди. Биз пахтани тозалашдан тортиб тайёр мато ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини йўлга қўйишни мақсад қилганмиз. Янгиерда инвесторлар учун барча шароитлар яратилгани биз учун муҳим. Шу боис Ўзбекистон Президенти ва вилоят раҳбариятига миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Лойиҳа тўлиқ ишга туширилганда 500 нафардан зиёд янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган, бу нафақат аҳоли бандлигини таъминлайди, балки экспортбоп маҳсулот ҳажмини ҳам оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, Янгиер шаҳрида хитойлик инвесторлар иштирокида қишлоқ хўжалиги технологиялари, сув тежовчи қурилмалар, санитария-техник воситалар, металл конструкциялар, иссиқхона ва иссиқхона ускуналари ишлаб чиқариш корхоналари ҳам фаолият юритмоқда. Мазкур лойиҳалар доирасида Сирдарё вилояти бўйлаб 4 мингдан зиёд фуқаролар иш билан таъминланган. Қиймати 17 миллион доллар бўлган полиэтилен қувурлар ишлаб чиқариш корхонасининг ишга туширилиши ҳам ҳудуд саноат инфратузилмасини мустаҳкамлади.

Сардоба туманида ҳам саноатлашув жараёнлари жадал давом этмоқда. Бу ерда ташкил этилган “Sardoba Universal Cluster” бешта йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳалар асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга қаратилган.

–  Кластер фаолияти натижасида пахта тозалаш, ип йигирув, мато тўқиш ва бўяш, мева-сабзавотларни қадоқлаш каби муҳим йўналишлар йўлга қўйилди, –  дейди  Сардоба тумани  ҳокимлигининг Инвестициялар саноат ва ташқи савдо шўъбаси бош мутахассиси Бекзод Дўсбеков. –  Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшимча қиймат яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва туман иқтисодий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Оқолтин туманида жорий йилда иш бошлаган янги мебель ишлаб чиқариш корхонаси ҳам маҳаллий саноатни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ушбу лойиҳа давлат кредити ва тадбиркорнинг шахсий маблағлари ҳисобига амалга оширилди, маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратилди.

Мирзаобод туманида қурилиш саноати жадал ривожланмоқда. “Кўксарой” МЧЖ томонидан қиймати 1 миллион доллар бўлган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди. Корхонада 10 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади ва йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 14 миллиард сўмни ташкил этади.

–  Корхонада 20 нафарга яқин ишчи доимий иш билан таъминланган, –  дейди корхона иш юритувчиси Акромжон Шомахсумов. –  Ишлаб чиқаришда сифат масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Малакали мутахассислар иштирокида ҳар бир маҳсулот қатъий назоратдан ўтказилади. Биз маҳаллий бозорни сифатли қурилиш материаллари билан таъминлашни асосий мақсад қилиб олганмиз.

Шу тариқа, Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари иқтисодиётни диверсификация қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудуд салоҳиятини тўлиқ ишга солишга хизмат қилмоқда. Ҳар бир сармоя — келажакка қаратилган ишончли қадамдир. Айни пайтда инвестиция ҳақиқатан ҳам Сирдарё саноатини янги босқичга олиб чиқишда локомотив вазифасини бажармоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири