Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари ташкил этилиши белгиланган.
“Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда
Президентимиз ва ҳукумат даражасида келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Барча соҳалардаги каби таълим тизимида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида фарзандларимизнинг ҳуқуқий онг ва маданияти даражасини юксалтириш халқ таълими соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири эканлигини даврнинг ўзи яққол кўрсатиб турибди.
Юртимизнинг келгусидаги жадал тараққиёти ёшларимиз орасидан истеъдодлиларини аниқлаш, иқтидорли болаларни танлаб олиш ва улар учун жаҳон таълим андозаларининг энг илғор намуналарини намоён этган ўқитиш тизимини ташкил қилиш, ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал имкониятларини намойиш этишига ёрдам берувчи кўп тармоқли таълим муҳитини яратиш борасида ихтисослашган, ижод ва Президент мактабларини ташкил этишни замоннинг ўзи талаб этаётир.
Хўш, Сирдарёда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? “Президент мактаби” вилоятда қаерда ва қачон қурилади? Ушбу саволнинг жавоби ҳар бир сирдарёлик учун жуда муҳим.
Сирдарё вилояти қурилиш бош бошқармасининг бошлиғи А.Худойназаров бунга аниқлик киритди.

– Пандемия сабаб қатор соҳалардаги режалаштирилган ишларимизнинг муддатлари бироз бўлсада чўзилганини тан олмай иложимиз йўқ, – дейди Сирдарё вилоят қурилиш бош бошқармасининг бошлиғи А.Худойназаров. – Лекин бу вилоятимизда “Президент мактаби”ни ташкил этиш ва қарорнинг ижроси доирасида белгиланган ишларнинг амалга оширилиши кечикаяпти, деган хулосани бермайди. Ушбу қарорга мувофиқ жорий йилда вилоят марказида “Президент мактаби”ни барпо этилиши кўзда тутилган. Вилоятимизда иқтидорли ёшларни аниқлаш, таълим жараёнида илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларни ўқитиш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим яратиш, истеъдодли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, баркамол авлодни шакллантириш бевосита таълим тизими вакилларининг вазифаси. Биз қурувчилар эса иқтидорли фарзандларимизнинг билим олиши учун зиммамизга юклатилган вазифаларни белгиланган муддатда, бекаму кўст адо этишни мақсад қилганмиз.
Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 5-иловасига мувофиқ, Гулистон шаҳрида 168 ўқувчи ўрнига мўлжалланган “Президент мактаби” биноси қурилиши учун 40 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг 2021 йил 29 январдаги “Президент мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича” 6-сонли баёнига мувофиқ Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар Шодлик маҳалласи Алишер Навоий номли кўча ҳудудида “Президент мактаби” биноси қурилиши режалаштирилди. Мазкур мактаб биносини ушбу ҳуддуда қуриш учун 2 гектар ер майдони ажратилди.
Ушбу масала куни кеча олтинчи чақириқ халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг XIX сессияcи ишида ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди.
Бундан ташқари, барпо этилиши кўзда тутилган “Президент мактаби” биносини қурилиш лойиҳа-сметаси ишлаб чиқилиб тасдиқланган. Тез орада сирдарёлик иқтидорли ўғил-қизлар жаҳон андозаларини ўзида тўлиқ мужассам этган энг сўнгги услубда барпо этилаётган замонавий типдаги муҳташам объектда белгиланган муддатда ўқишни бошлайди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА