Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда пахта йиғим-терим мавсуми бошланди
11:05 / 2022-09-03

Сирдарё вилояти пахтакорлари эрта баҳорда 75 минг 500 гектар майдонга чигит қадаб, режадаги 250 минг тонна пахта хирмони жамғаришни мақсад қилган.

Сардоба туманидаги "Сардоба Универсал Кластер" пахта тўқимачилик кластери далаларида жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда тегишли корхона ва ташкилотлар масъуллари, пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари иштирок этди.

Мавсумда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, теримчи ва ҳашарчиларга етарли шарт-шароит яратиш, меҳнатга ҳақ тўлаш масалалари муҳокама қилинди.

Мавсумда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва бошқа ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча туманларда пахта терими марказлари ташкил этилган. Теримга, асосан, пахта-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлари ишчилари, муайян меҳнат билан банд бўлмаганлар ва кўнгилли ҳашарчилар шартномалар асосида жалб этилади. Бунинг учун эса терим отрядлари ва отряд раҳбарлари рўйхати шакллантирилиб, электрон базаси яратилган.

Мавсумда 769 та терим отрядига бириктирилган 90 мингдан ортиқ теримчи иштирок этиши кутилмоқда. Улар зарур ашёлар билан таъминланади. Пахта даласига олиб бориб-келиш учун автобуслар бириктирилади. Айни вақтда жойларда 79 та ётоқ жойлари ҳам ҳозирланмоқда. Ётоқларнинг 62 таси дала шийпонлари ва фермер хўжаликлари тасарруфидаги биноларда жойлашган бўлса, 17 таси палаткалар ёрдамида тикланган "Ҳашарчилар шаҳарчаси"дир.

200 кишига мўлжалланган шаҳарчада ҳашарчилар яшаши ва ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, у ерда ётоқхона, дам олиш хонаси, овқатланиш учун стол-стуллар, тиббиёт, маънавият хоналари, иссиқ сувли душ, ҳожатхона ва бошқа шароитлар мавжуд. Палаткали ётоқхоналарда янги чойшаб, кўрпа-ёстиқ, юмшоқ ўриндиқларгача жиҳозлаб қўйилган.

Семинарда «Пахта-2022» йиғим-терими мавсумига старт берилди. "Сардоба Универсал Кластер" агрокластерига қарашли пахта қабул қилиш ва қайта ишлаш корхонасида мавсумнинг рамзий бошланиши ҳисобланган «Ҳосил карвони» тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими, сенатор Ғофуржон Мирзаев иштрок этди.

 

Шуҳрат Суяров, ЎзА